Ундаги «ташвиш»ларга касбдошларимдан иқтисод фанлари докторлари, профессорлар А.А.Фаттахов ва О.О.Олимжоновлар далиллар билан «тузлаб», яхшигина жавоб қайтаришибди. Уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, «масала»нинг қуйидаги жиҳатига ҳам эътибор бермасак бўлмайди, менимча.
Гап шундаки, ошкора эълон қилинган маълумотларга кўра, ўша электробусларнинг нархи жаҳон бозорида 125 000 АҚШ долларидан 1 350 000 АҚШ долларигача экан. «Бизники»лар уни 300 000 АҚШ долларлигидан «олишибди». Борингки, ўша «юртдош»имиз ҳақ бўлиб, электробусларнинг 70 000 АҚШ долларидагилари мавжуд бўлганда ҳам «энса қотириш»га не ҳожат? Ахир шу «товар»нинг нархи баъзи бир объектив сабабларга (уларнинг минг бир кўриниши бор, бу ўринда электромобиль моделларининг турли хилда эканлиги назарда тутиляпти) кўра 70 000 АҚШ долларидан 1 350 000 АҚШ доллари оралиғида «тебраниб» турганда ҳам «бизники»лар «олтин оралиқ»ни танлашибдику! Яъни, минимал нархдагиларидан деярли тўрт баравар қиммат (70 х 4 = 280 бу тақрибан 300 дегани) ва максимал нархдагилардан шунча баробар (1 350 000 : 4 = 337,5 бу ҳам деярли тақрибан 300 дегани) арзонини харид қилишибди.
Ахир, электромобиллар турли моделларининг нархи турлича бўлиб турган бир пайтда биз ўртачасини танлаган бўлсак, нега асоссиз «аюҳаннос» соламиз?! Ёки ўзбекистонликлар фақат арзонига лойиқми?...
Бунинг устига, бозордаги баҳонинг товарнинг сифатига тўғри пропорционал равишда ошиб бориши, узр, «Кўрга – ҳасса!»дек маълумку!
«Бизники»лар сифати пастроқ ва нархи ҳам шунга мос равишда паст 70 000 АҚШ долларида бўлган электробусни харид қилмасдан сифати юқорироқ ва шунга монанд равишда баҳоси ҳам юқорироқ бўлган 300 000 АҚШ долларлигини сотиб олиб, унинг ўртачасини танлашган бўлса, бунинг нимаси ёмон?! Ахир бу «Сих ҳам куймасин – кабоб ҳам»дан дарак эмасми? Шунга ҳам ақли етмаганнинг ўзича «муносабат» билдириб, «куйиб-пишиши»га, узр – бало борми?...
«Қайғураётган юртдош»им, бу ўринда «Арзоннинг оши – татимас!» ҳам эсингиздан чиқмасин!
Тоҳир МАЛИКОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор