Унда сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлаётгани, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга эътибор қаратилаётгани эътироф этилган.

Мақола муаллифи 2020 йил давомида ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият бўйича давлат идоралари томонидан 23 та олий ва 12 та юқори даражали ташриф ва турли тадбирлар амалга оширилгани, бу жараёнда “халқ дипломатияси” амалда жуда фаол бўлгани кузатилгани, олимлар, ижодкорлар, маданият, дин арбоблари, ишбилармонлар, ёшлар, туризм, спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари иштирокида 90 дан ортиқ турли учрашувлар, видеоанжуманлар каби тадбирлар ўтказилганига урғу берган.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч муҳити мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017-2019 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 5,2 миллиард долларга етган. 2020 йил натижаларига кўра, глобал пандемия шароитига қарамай, мамлакатнинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси умумий ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди, дейилади мақолада.

Муаллиф, шунингдек, 2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилганига ўқувчи диққатини тортади. Минтақа давлатлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки кунлариданоқ бир-бирларига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошлагани, Ўзбекистон қўшни давлатларга бир неча бор гуманитар ёрдам юборганини эътироф этади.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва жорий йилги Давлат дастурида Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилгани яқин қўшнилик ва дўстлик стратегияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканидан далолат экани таъкидланади.

– Бу давлатнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, Марказий Осиёнинг барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланишига хизмат қилади, – деб ёзади муаллиф.