Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Fox News телеканали эфирида айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Трампнинг айтишича, Россия билан тинчлик келишувига эришиладими ёки уруш қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, АҚШ Украинанинг табиий ресурсларига кириш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
“Улар (украиналиклар) келишувга эришишлари мумкин (Россия билан урушни тугатиш учун). Улар келиша олмасликлари ва битим тузмасликлари мумкин. Бир кун келиб улар Россиянинг бир қисмига айланиши мумкин ёки айланмаслиги мумкин. Аммо биз сарфлаган пулларнинг ҳаммасини қайтариб олишни хоҳлаётганимни айтдим. Ва мен уларга 500 миллиард доллар эквивалентидаги ноёб минералларини хоҳлаётганимни айтдим. Ва улар аслини олганда бунга рози бўлишди ”, деди Трамп.
Дональд Трампнинг қайд этишича, Вашингтон Украинага 300 миллиард доллардан ортиқ, Европа эса тахминан 100 миллиард доллар ажратган.
Бу Дональд Трамп Америка ёрдами эвазига Украинадан нодир металларни олишни истаётганини биринчи марта айтиши эмас. Зеленскийнинг айтишича, Киев ҳукумати ёрдам эвазига Ғарб ҳамкорлари билан биргаликда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ғоясига очиқ. Шу билан бирга, Украина Президенти мамлакатдаги ноёб тупроқ конларининг ярмига яқини Россия томонидан “босиб олинган” ҳудудларда жойлашганини таъкидлади, деб хабар беради centralasia.media.