Куни кеча Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги қарори эълон қилиниб, мукофотлар тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди. Бундай рағбатлантириш, эътирофлар ўзгача руҳда, янги бир даврда бўлиб ўтяпти. Очиқроқ қилиб айтганда, бугун журналистларнинг меҳнати ўзгача  қадрланмоқда. Яъни, фидойилигингиз, ислоҳотларга қай даражада хайрихоҳ бўлаётганингиз, жамиятда топган ўрнингизга қараб баҳо бериляпти.

Албатта, бунга кейинги йилларда матбуотимиздаги, оммавий ахборот воситалардаги ўзгаришлар, сўз эркинлигининг амалда қарор топаётгани ортидан эришиляпти. Қувонарлиси, журналистларнинг овози, жамиятдаги ўрни янада яққол номоён бўлиб бораётир. Ушбу соҳада гўё янги ҳаёт бошлангандек. Зеро, айни пайтда журналистларимиз муаммоли масалаларга ечим бўладиган қатор мавзуларни қаламга ола бошлади. Шу ўринда айтиш керакки, бугун жамиятнинг ўзи ҳам эркинлашди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган адолатли тамойил таъсирида жамиятимизда ҳам уйғониш кузатиляпти.  

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратишни истардим. Бугун ўзимизни кўрсатадиган, биз  истаган эркин майдон пайдо бўлди. Ўзимиздан қиёс: жорий йилдан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида сиёсатшунослик йўналиши ташкил этилиб, унда 105 нафар ёш таҳсил оляпти. Талабаларнинг кўпчилиги амалиётда фаол экани, ҳатто таҳририятларда, телерадиоканалларда фаолият олиб бораётгани мураббий сифатида мени қувонтиради. Улар ўқитувчилар билан бемалол баҳс-мунозарага киришиб, муаммоли вазиятларга ўзларининг мустақил муносабатларини билдириша оляпти.

Бугун жамиятдаги ривожланиш, журналистика соҳасидаги ўсишни  халқаро экспертлар ҳам тан олаяпти. Улар Президентимизнинг сиёсатини таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг жаҳондаги ўрни тобора юқорилаб бораётганини эътироф этяпти.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг дунёда энг кўп инвестиция оладиган давлатлар қаторида етакчи ўринларда турганини фахр билан таъкидлаш жоиз. Хорижий давлатлар ўзлари инвестиция бераётган давлатнинг салоҳияти, имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик қилади, албатта. Келажагимиз таянчи бўлган ёшларимизнинг ватан равнақи, тараққиёти йўлида собитқадам бораётгани кўнглимизни тўлдиради. Чет элларда фаолият юритаётган кўплаб ёш, етук кадрларни юртимизга қайтариш, улар орқали бошқа ёшларни ҳам руҳлантиришга жиддий киришганимиз ҳам бежиз эмас.

30 йилдан буён таълим соҳасида тажриба орттирган устоз сифатида айтаманки, бугуннинг ёшлари аввалгидан анча фаол, 35–40 дақиқа бир мавзу юзасидан тўхтамай, эркин фикр юрита олади. Бундай фаоллик уларни университетнинг “Сиёсий таҳлил” клубида ҳам фаол бўлишида муҳим омил бўлмоқда. Ўйлаймизки, улар орасидан яқин келажакда биз орзу қилган сиёсий шарҳловчилар, албатта етишиб чиқади.

Хулоса ўрнида бугун Ўзбекистонни катта бир қурилиш майдонига қиёслаш мумкинлигини айтишни истар эдим. Негаки, қайси бир вилоятга, қайси туманга борманг, боғча, мактаб, кўп қаватли уйлар, поликлиникалар қуриляпти. Буларнинг барчаси халқимизнинг фаровонлиги, эртамиз эгаларининг порлоқ келажаги учун. Айни шу мақсадни, ислоҳотларнинг тубида нималар мужассамлигини халққа холис етказувчилар эса журналистлар. Демак, бизнинг асосий вазифамиз, тезкор, ҳар томонлама мукаммал журналист кадрларни тарбиялаш.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари  ходимлари куни муносабати билан юксак унвон билан тақдирлаганимдан жуда хурсандман. Албатта, бунда аввало, университетдаги соф ижодий муҳит, аҳил жамоанинг ҳам катта ўрни бор. Буни бутун жамоамизга қаратилган эътибор, эътироф деб биламан. Зеро, бундай рағбат жамиятни уйғотади, руҳлантиради, одамларнинг ўзига бўлган ишончини янада оширади.

Муқимжон ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон ЖОКУ ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири,

Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси