“Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асари муқаддимасида келтирилган мазкур фикрлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш муайян шахснинг хоҳиш­иродаси, истаги эмас, жамият аъзоларининг эртанги кунига, тараққиётига боғлиқ бўлган, келажагини белгилаб берадиган ислоҳотларнинг дебочаси эканини тасдиқлайди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий: хўш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мезони нима билан ўлчанади? Бундай жамиятни қуриш учун ким қандай ҳаракат қилиши керак? Бугун баъзи юртдошларимизда Янги Ўзбекистон тушунчасини янгича бошқарув ислоҳотларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, янги замонавий меъморий қиёфа ва иншоотларнинг қурилиши билан боғлаш ҳолати йўқ эмас.

Бироқ биз белгилаган марра жамиятдаги барча соҳаларни тубдан янгилаш, саъй-­ҳаракатларимизни мутлақо янги ўзанда бошлаш кераклигини тақозо этади. Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, аввало, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг онги, дунёқараши ҳамда жамия тимиздаги ислоҳотларга муносабати ҳам ўзгариши зарур. Бундай мақомга эришиш учун фуқаро сифатида ҳар биримиздан ўзимизни англаш талаб этилади.

Мамлакат тараққиёти бир босқичдан иккинчи босқичга ўтар экан, жамият аъзоларининг ислоҳотларга ишончи муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ҳар бир жамиятнинг ривожланишига хос бўлган хусусиятдир. Олдига қўйилган мақсадларнинг кўлами ўша жамиятдаги шахслар фаолиятига, ҳаракатига боғлиқ жараён. Шу боис, унга яхлит организм сифатида қараш мавжуд.

Инсон муайян мақсадга эришмоғи учун барча органи, жисми бирлашиб ҳаракат қилиши керак. Бугун жамият аъзоларининг яшаш тарзи, саломатлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари етарлича таъминланмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этишда жамиятда онг ва тафаккурни, фикрлашни ҳам янгилаш нега муҳим? Чунки бугун давр жуда шиддат билан ўзгаришга юз бурган. Бундай қизғин ва таҳликали паллада жамиятнинг барча қатлами фаол фуқаролик позициясини намоён этиши жуда муҳим.

Ёши улуғларда юқоридаги талаб ва дунёқараш бўлмас экан, улар тарбиялаётган ёш авлод ҳам шундай шаклланиши табиий. Ўғил-­қизларга фаол фуқаролик позициясини намуна қилиб кўрсатиб, амалиётда қўлламас эканмиз, улар кейинги авлодни ҳам шу зайлда тарбиялайди ва бу жараён шундай давом этади. Бундай ҳолатда биз кутган жамиятни қуришнинг имкони бўлмайди. Мамлакатда онг ва тафаккур янгиланиши ортидан инсоннинг инсонга, жамиятга ва давлатга муносабати ўзгаради.

Таълим-­тарбияга, эртанги тараққиётга ижобий муносабатда ёндашадиган қатлам шаклланади. Онг ва тафаккурни янгилаш, ҳар бир жараённи таҳлил қилиш, эътибор ва дахлдорлик ҳисси билан яшаш, нуқсонларимизни камайтириб, фазилатларимизни кўпайтириш, маънавий ва руҳий тозаланиш каби мураккаб жараёнларга ҳар биримиз тайёрланишимиз зарур.

Инсоннинг узлуксиз равишда ўзини ўзи назорат қилиши, бошқариши, йўналтириши, даъваткорлик ва ташаббускорлик туйғуларини жонлантириши улкан маънавий-маърифий, ахлоқий иродага боғлиқ. Айниқса, кўпчилигимизнинг қон-­қонимизга сингиб кетган, вужудимиз, қалбимиз ва руҳиятимиздан мустаҳкам ўрин олган бефарқлик, лоқайдлик каби иллатлардан ҳали­ҳануз қутулолганимиз йўқ.

Тобелик, мутелик, қўрқув ва ҳадик синдромлари тўла маънодаги фуқаролик масъулиятини англашимизга монелик қилмоқда. Тепса тебранмаслик, “олма пиш, оғзимга туш” қабилида яшаш, боқимандалик сингари иллатлар жисму жонимизда ҳамон яшамоқда. Шундай тоифадаги кишиларнинг фикрлаши, яшаш тарзи ва жамиятга муносабати ёшлар тарбиясида ҳам акс этмоқда. “Инсон тараққий этмаса, жамият тараққий этмайди”, дейди давлатимиз раҳбари.

Одамнинг онги ва тафаккури ўзгариши ва равнақ топиши узоқ давом этадиган тарихий жараён бўлиб, унда кишиларнинг эришган моддий ва маданий мероси ўз аксини топади. Тарихий тараққиёт жамиятнинг ижтимоий-­сиёсий, иқтисодий, маданий-­маърифий, ғоявий­-мафкуравий ривожланиши билан узвий боғлиқ ҳолда юз беради. Агар бефарқлик, лоқайдлик, боқимандалик иллатлари жамият ҳаёти билан боғлиқ бўлса, яна ҳам хатарли мазмун касб этади.

Зотан, лоқайдлар, бефарқлар ва боқимандалар тараққиёт душманидир. Бундай одамлар жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларга эътиборсиз бўлади. Ўз ташвиши билан яшайдиган, эгоизм қон-­қонига сингиб кетган кишилар билан, табиийки, янги жамият қуриб бўлмайди. Юртдошларимиз онги ва тафаккурида ҳам янгиланишлар кечаётгани шубҳасиз. Бу ислоҳотларни қўллаб-­қувватлаш ва рўёбга чиқаришда ижобий натижа беради. Зеро, янгиланиш суръати фақат янги инфратузилма, иншоот, ислоҳотлар билан белгиланмайди. Аксинча, Янги Ўзбекистон фуқаролар онги ва тафаккурининг ҳам янгиланиши маҳсулидир.