Кеча пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони ҳар қачонгидан фарахбахш, ҳар қачонгидан-да файзиёб бўлди. Давомли ёмғирдан сўнг нурларини пинхон тутиб турган қуёш гўё Навоийнинг меҳрли юзию, сўзларининг сўнмас зиёси каби шуълаланди.
Адабиёт бўстонида салобат тўкиб турган буюк бобокалонимиз ёдгорлиги қаршисида давлат ва жамоат арбоблари, шоиру ёзувчи, адабиётшуносу тилшунослар, ўқитувчию талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар у зот таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбирга жам бўлди.
Навоийни ўрганишда ҳам танаффус бўлмаслиги керак
Тадбирни очар экан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон стратегиясини белгилаб бераркан, Учинчи Ренессанс – Янги Уйғониш даврининг мустаҳкам пойдевори Алишер Навоийдек улуғ аждодларимизнинг бизга қолдирган бой ва бетимсол ижоди ва адабий меросини кенг ўрганиш ва ўргатиш, айниқса ёш авлод қалбига сингдириш билан пойдор ва устувор бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Шу маънода, “Тарбияда танаффус бўлмайди” иқтибосининг “Навоийни ўрганишда ҳам танаффус бўлмаслиги керак” деган яна бир нурли қирраси ярқираб намоён бўлади-ки, буни барчамиз қалбан-руҳан англаб, ҳис қилиб турибмиз”, дея эътироф этди.
Чиндан ҳам Навоийни англамай, унга яқинлашмай туриб, Уйғониш палласига қадам қўйиб бўлмайди. Шу боис, Алишер Навоий ижодини кенг ўрганиш, у қолдирган бой маънавий меросни эртамиз эгаларига тўлақонли етказишга жиддий ёндашилаётгани бежиз эмас. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 4 февралда “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан мутафаккир ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, шоир асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрлар яратиб, республика ва чет элларда нашр этиш каби эзгу ҳаракатлар барчамизни бирдек қувонтиради.
Халқаро жамоат фонди ташкил этилгани улуғ зот қолдирган маънавий хазинани мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда улкан имкониятлар эшигини очди. Ҳозирда фонд ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Алишер Навоий асарлари чет тилларга ўгирилмоқда ва навоийшунослик соҳасида хорижий тилларда яратилган асарлар ўзбек тилига таржима қилинмоқда, шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий, бадиий асарлар ёзилмоқда.
– Фонд фаолият бошлаганига эндигиина 8 ойдан ошди. Шу қисқа муддат ичида муаяйн ишлар амалга оширилди, – деди тадбирда сўз олган Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори, филология фанлари номзоди Олимжон Давлатов. – Энг муҳими, бобомиз ижоди интернетнинг ўзбек сегменти ва халқаро платформаларда фаол тарғиб қилиняпти. Илк марта Навоий асарлари изоҳли луғатининг мобиль иловаси яратилди, унда 30 мингдан ортиқ сўзнинг турли маъно жилвалари, изоҳи қулай тарзда жойланди.
Бундай хайрли ишлар ёш авлоднинг Навоий ижодини ўрганишига қулайлик яратиши билан аҳамиятли. Навоийшунос олима Буробия Ражабова ҳам алломанинг бемисл ижоди хусусида сўзлаб, ўзининг Навоий ижоди юзасидан олиб бораётган кенг кўламли фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди. Олима томонидан тайёрланаётган ноёб тўпламлар албатта, келажагимиз ворислари Навоий асарлари моҳиятини чуқурроқ ҳис қилишига хизмат қилади.
Гулларга бурканди Ҳазратнинг пойи
Тадбир ниҳоясида ҳазратнинг тахти узра бирин-кетин юксалиб бораётган алвон гулчамбарлар кишини янада ҳайратга солди. Зеро, шоирнинг ўзи айтганидек, бу “яхши кишларнинг ҳайратланиши”га қиёс. Мутасадди ташкилотлар вакиллари, навоийшунослар, буюк аждодидан бемисл фахр ҳиссини туйиб турган йигит-қизларнинг бари Навоий пойида таъзим айлади, ҳазратга нафақат жисман, қалбан ҳам яқин келганидан шодумон бўлди.
Гўзал диёримиз тупроғида бўй чўзган алвон гулу чечакларга боқар эканмиз, Навоий ижоди шу гуллардек кўзни қувнатиб, дилга фарах бахш этажагини яна бир бор ҳис қилдик.
Назаримда уларнинг бари Ҳазрат пойига бу гал маънавий покланиш, қалб тозариши нелигини англаш ниятида келгандек. Ҳазрат пойида минг бир ҳаяжон билан шеър ўқиган ёш шоира Кумуш Абдусаломованинг дил сўзлари барчанинг дилида чарх урган бўлса, не ажаб:
Ўзим билмай қолдим юриб келдимми,
Беихтиёр хаёл суриб келдимми.
Пойингизга мен улгуриб келдимми
Ассалом ҳазратим, Навоий бобом!
Навоийхонлик тадбирлари давом этади
Адиблар хиёбонидаги 25 нафар адибга ўрнатилган ҳайкаллар пойида ҳам навоийхонлик тадбирлари давом этди. Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Навоий ва Шарқ Ренессанси” номли халқаро симпозиум ташкил этилди.
Тадбир доирасида Алишер Навоий ижодига оид китоблар кўргазмаси, бадиий адабиётлар ярмаркаси, шу билан бирга, шоир номидаги давлат адабиёт музейи ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти университетида адабий-маърифий тадбирлар ва гул қўйиш маросимлари ўтказилди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири