Бу комета биринчи бўлиб АҚШдаги Леммон обсерваториясида 2025 йил 3 январда очилган бўлиб, унинг орбитал даври тахминан 1 350 йилга тенг. Яъни Қуёш атрофида шунча вақт давомида бир марта айланиб чиқади.

Ушбу айланиш давомида перигелий нуқтасидан (Қуёшга яқин нуқта) 2025 йил 8 ноябрь куни ўтади. Бу вақтда унинг Қуёшдан узоқлиги тахминан 0,53 астрономик бирлик (80 миллион км) масофада етади.

Ерга максимал яқинлашиши 2025‑йил 21‑октябрга тўғри келиб унинг ёрқинлиги тахминан 4-5 магнитудани ташкил қилади.

Бу пайтда Ерга 0.6 астрономик бирлик (90 млн км) масофагача яқинлашади. Комета Қуёш ботгандан сўнг ғарб томонда ва горизонтга яқинроқ масофада Ҳўкизбоқар (Volopas — Bootes) юлдуз юлдуз туркуми (Катта айиқ юлдуз туркумининг ёнида) фонида кўриниш беради.

Ўзбекистон ҳудудида кузатиш мумкинми?

Ўзбекистон ҳудудида бу кометани кузатиш мумкин. Бундай ёрқинликдаги кометани юртимиздаги шаҳарлардан узоқроқ манзилларда ва қоронғу жойларда Қуёш ботгандан сўнг оддий кўз билан хирароқ юлдузсимон объект сифатида кўриш мумкин.

Тошкент шаҳрида ва бошқа шаҳар марказларида эса ёруғлик манбаалари кўплиги сабабли бу кометани кузатиш бироқ қийинроқ. Махсус бинокль ёки кичикроқ телескоплар билан янада яхшироқ кўриш мумкин.