Ижтимоий тармоқларда вилоятдаги боғларнинг бирида аттракционда учаётган фуқаро ундан йиқилиб тушгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқарадё вилоят ИИБ ахборот хизмати изоҳ берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 май куни соат тахминан 19:30 лар чамасида Нишон тумани “Нурчи” МФЙда яшовчи фуқаро У.Н. ўртоқлари билан Нуристон шаҳарчасидаги истироҳат боғига бориб, “Дракон” аттракционида учаётган вақтда рўпарасидаги ўриндиққа ўтиш учун жойидан туриб, эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб тушган. Натижада У.Н.нинг ўнг қўли синиб, Нишон туман марказий шифохонасига мурожаат этган. Жабрланувчи шифохонада даво муолажалари олиб, уйига чиқиб кетган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Нишон туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.