– Ўзбекистоннинг дунёга очиқлик бўйича янги сиёсати Марказий Осиё минтақасида геосиёсий ўсиш суръатларига сезиларли ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси Марказий Осиёда давлатлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиши ва барқарорлигида, иқтисодий интенсивлаштириш ҳамда гуманитар ҳамкорликда ўз аксини топиб, муҳим аҳамият касб этаяпти, – деб ёзади мақола муаллифи.

Мақолада Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2016 йилдан қайта бошланган дўстона муносабатлар, ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз борар экан, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари муҳим роль ўйнагани алоҳида эътироф этилади.

Давлатларимиз етакчилари кўп йиллар давомида баҳсли бўлиб келган чегара масалаларини ҳам ечишда фаоллик кўрсатишгани, пировардида, аҳил қўшнилик ва дўстлик алоқалари янги босқичда ривожлана бошлагани, бу эса турли иқтисодий лойиҳаларнинг амалга ошишига йўл очгани айтилади мақолада.

Профессор Г.Майтдинова мамлакатларимиз ўртасидаги чегара муаммолари ҳал этилиши “Фарҳод” гидроэлектростанцияси билан боғлиқ Марказий Осиёга таъсирли яна бир баҳсли масалага ечим бўлганини қайд этади.

Мақолада Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик сиёсати ҳақида ҳам сўз боради. Жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасидаги Ўзбекистон ташаббуслари қўллаб-қувватланади.

Ўзбекистон Марказий ва Жануби-шарқий Осиё давлатлари, жумладан, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам амалий қадамлар ташлагани, бунда Трансафғон темир йўли қурилиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланади.