Хусусан, парламент юқори палатасининг маълумотларига кўра, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. Холбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент–Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн. 200 минг сўм, Тошкент–Рига йўналиши бўйича 2 млн. 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), Тошкент–Ню Йорк йўналиши бўйича эса 6 млн. 500 минг сўм (парвоз вақти – 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.
«Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу «тушунарсиз ҳолат» фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Маълум қилинишича, аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатдики, масъуллар нарх белгилашда фуқароларимиз тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда. Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган ва бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда," - дейилади хабарда.
Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётган фуқаролар яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенат Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳмедовга Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси борасида маълумотларни тақдим этиш юзасидан сенаторлар сўровини юборди.