Мамлакатимизда кадастр соҳасини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида 2020 йил 7 сентябрда Президентимизнинг «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ер ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комплекс вазифалар белгиланди. Янги тизимга кўра, Кадастр агентлиги Солиқ қўмитаси таркибида ташкил этилди.
Кадастр агентлиги томонидан соҳани рақамлаштириш борасида «Дата-центр» ишга туширилган, ўзаро интеграция қилинмаган «Давреестр», «Кўчмас мулк», «Кўчмас мулк-3» ахборот тизимлари ўрнига Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» яратилди.
Натижада кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер ва ердан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотлар, ер участкасининг чизмаси ва чегарасини ягона ахборот тизимида амалга ошириш борасидаги ишлар йўлга қўйилди.
Ягона ахборот тизимида қишлоқ хўжалиги ерларини электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, 90 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг аниқ жойи, чизмаси ва чегараси электрон харитага киритилган.
Кадастр агентлиги ташкил этилгандан буён 354 мингта қўшимча объект аниқланган ва кадастр базасидаги объектлар сони 7,9 миллионтага етказилиб, бюджетга 468 миллиард сўм қўшимча маблағ туширилган.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар агентлик фаолиятида тизимли камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳамда тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.
Жумладан, қонунчилик ҳужжатлари билан Кадастр агентлиги томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси етарли даражада таъминланмаганлиги оқибатида қатор муаммолар вужудга келган.
Мажлисда ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ёки ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш муаммосига ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, қонунчиликда уй-жойга эгалик қилиш ва уни қуришнинг механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Кадастр базасида давлат рўйхатидан ўтмаган
2 миллион 746 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларининг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган.
Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси 2019 йил 1 майда якунланган бўлишига қарамай, белгиланган муддатда кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 18 545 нафар фуқаро томонидан бир марталик йиғим тўланган бўлсада, шу кунга қадар уларнинг уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқи белгиланмаган.
Бундан ташқари, 2021 йил 5 август ҳолатига республика бўйича 90 690 та фермер хўжалигидан 2 916 таси билан ижара шартномаси тўлиқ расмийлаштирилмаган.
Коррупция ҳолатлари билан боғлиқ ишлар таҳлил этилганда, 2020 йилда агентликнинг 67 нафар ва 2021 йилнинг олти ойида 48 нафар мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан 70 та жиноят содир этилган.
Шунингдек, Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) базасида жойлаштирилиши лозим бўлган умумий маълумотларнинг 55,5 фоизи ўз вақтида жойлаштирилмаган.
Мажлисда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланди. Мутасаддиларнинг ер ва кадастр ҳисобини тўғри йўлга қўйиш орқали натижадорликни таъминлаш чоралари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Сенаторлар томонидан кадастр соҳасида жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг олдини олиш учун тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.