Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан маъмурий бошқарув жиҳатдан Нукус шаҳри таркибига кирувчи “Қаратау” ва “Бестобе” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналар тўловига 50 фоиз камайтирувчи коэффициентлар қўлланилади.
Шунингдек, майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) хизматлари бўйича мазкур ҳудудда фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорларга 2027 йил 1 январдан 2040 йил 1 январга қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 90 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.
2028 йил 1 январга қадар:
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган тижорат банкларининг балансида бўлган мол-мулк объектлари бозор нархида қайта баҳоланиб, 10 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри реализация қилинади;
реализация қилинган мол-мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 6 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар берилади.