“Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!”. Жарангдор, юракка яқин, қулоққа оҳанрабодай эшитилувчи бу жумлани, аслида, ҳар куни такрорлаймиз, такрорлаган сари қалбимизда ажиб ғурур, ўзгача завқ-шавқ туяверамиз. Бироқ ўтган йили АҚШда ўтказилган “Энг илғор жангчи — 2023” мусобақасининг мутлақ ғолиби бўлиб, шоҳсупага кўтарилганимда биргина шу жумланинг масъулияти нечоғлиқ шарафли, улуғвор ва масъулиятли эканини янада теран  ҳис этдим”, дейди кичик сержант Азамат Кенжаев.

Ҳа, дунёда шарафли касблар кўп, лекин ўз она Ватанинг, киндик қонинг томган муқаддас заминни ҳимоя қилиш, бағрикенг, меҳридарё халқинг хизматида бўлиш энг шарафлисидир. Айниқса, бу салоҳият халқаро майдонда эътироф этилса, кишига ўзгача ғурур беради. Қуролли Кучларимизнинг Халқаро армия ўйинларидаги иштироки, қудрати ва салоҳияти буни исботламоқда.

2023 йил 17-24 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи — 2023” мусобақасида Азамат Кенжаев ҳам иштирок этди ва мутлақ ғолиб бўлди.

— Ўз мақсадларимга эришишда мазкур мусобақа катта куч, руҳий мадад бериб, ҳаётий қарашларимни тубдан ўзгартириб юборди, — дейди Азамат. — Мен зафар қучишни чин дилдан истаган ва шунга яраша бор кучим билан ҳаракат қилган бўлсам-да, муваффақият қозонишимни кутмагандим.  Бизни ғолиб деб эълон қилинган маҳал ўзимни дунёдаги энг алпқомат, тоғни урса толқон қиладиган паҳлавондек ҳис қилдим. Ўша кун ҳаётимдаги фараҳбахш ва ўзимни мисли Алпомиш чоғлаган кун сифатида хотирамда бир умр муҳрланиб қолади.

Эндигина  21 ёшни қаршилаган ва ҳарбийликни ҳаётининг мазмуни деб билган Азаматнинг сўзларини тинглар эканман, жаннатмонанд она диёримиз сарҳадларини қўриқлаб, фаровон ҳаётимиз осойишталигини муҳофаза қилиш қанчалар шарафли бўлмасин, азиз жони гаровга тикиладиган ғоят машаққатли вазифа эканини тан олмай иложимиз йўқ. У 2018 йилдан буён Ватанимиз сарҳадларида юрт посбони деган муқаддас бурчни оқлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. 2021 йилда Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрида III халқаро кўпкураш мусобақасида ҳам фаол иштирок этган.

Юрт ҳимоясига шайлик болаликдан шаклланган

Асли Сурхондарё вилоятининг Сари­осиё туманида катта бир оилада олтинчи — кенжа фарзанд бўлиб улғайган қаҳрамонимиз ёшлигиданоқ аскар бўлишни орзу қилган. Айниқса, болалигининг беғубор дамларида телевизор орқали аскарлик либосидаги йигитларни кўрса, ҳавас билан “Катта бўлсам, мен ҳам ҳимоячи бўламан, юртимни ёвуз одамлар ва ёт нигоҳлардан қўриқлайман!” деган орзу-ниятлар қуршовида ҳар куни спорт билан шуғулланар, “Ўзбекистон Респуб­ликасига хизмат қиламан!” деб қўярди баланд овозда. Яхши ният ижобат бўлади, деганларидек, бугун бу аскар йигитга кўпчилик ҳавас билан боқади. Ҳа, Азамат қўлга киритган ютуқлар болаликдаги ўша орзуларнинг ушалиши бўлса, не ажаб.

Азамат Кенжаев 2012 йилда умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатиб, ­Сариосиё туманидаги педагогика касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. 2015 йили коллежни ҳам муваффақиятли тамомлади. Ўқиб юрган кезларидаёқ бутун хаёли аскарлик либоси ва унинг асл эгаси бўлиш ўйлари билан банд бўлган муштдеккина ўспириннинг орзу-ўйлари баъзан ўз бошига ҳам сиғмай қоларди. Коллежни тугатганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтади, йигитлик бурчини адо этди. Бу қисқа муддат унинг ўша орзулари рўёби бўлиб туюлди. Аскарлик ҳаётини давом эттиришни ихтиёр қилди.

Ҳарбий хизмат бурчини ўташ баробарида мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилган ҳарбий кўпкураш, ҳарбий эстафета ва ҳарбий марафон мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, доим ғолиблар сафида бўлди. Айни пайтда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмда хизматни давом эттирмоқда.

— Ватан ҳимоячилари сарҳадларимиз хавфсизлиги таъминотчиси, тинч ҳаётимизнинг кафолатли ва ишончли вакиллари, тенгсиз баҳодирлардир. Бу билан барчамиз чин маънода фахрланамиз, — дейди Тошкент ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи, подполковник Бекмурод Далматов. — Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиси Азамат Кенжаев Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи — 2023” мусобақасида АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашиб, ғолибликни қўлга киритгани ўзбек ёшларининг нималарга қодирлигини намоён этди десак, муболаға бўлмайди. У 15 килограмм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соату 54 дақиқада бажариб, мусобақа рекордини янгилади.

Азамат каби ёш аскарларимиз бу мусобақада нафақат куч синашди, балки ўз билим ва тажрибасини бойитди, белгиланган меъёр талабларини бехато ва энг асосийси, ўз вақтида бажариб, маҳорат кўрсатди. Бу эса ҳақиқий мардлик ва шижоат намунасидир.

Катта ва кичик танаффуслар, таътиллар бўлмайди

Мақолани мухтасар қилар эканмиз, масъ­улиятли ва шарафли касб эгаларининг келгуси фаолиятига янада улкан зафарлар тилаган ҳолда, Фузулийнинг “Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю, мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим”, деган фикри исботини Азамат Кенжаев каби жасур йигитларимиз фаолияти мисолида кўргандай бўлдим. Кичик сержантнинг катта ютуқлари, ҳарбий деган улуғвор номга ҳар жиҳатдан муносибдир.

Зеро, сизу биз мана шу жумлаларни ўқиб турган чоғимизда ҳам ҳарбийлар жанговар тайёргарликни ошириш, касбий маҳоратни юксалтириш борасида ­амалий ишларини давом эттираётган бўлади. Чунки юрт сарҳадларини янада сергак ва ишончли қўриқлаш, она Ватан олдидаги масъулиятли бурчни муносиб адо этишда катта ё кичик танаффуслар, турли таътиллар бўлмайди, бунда бир лаҳза ҳам киприк қоқилмайди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири