Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида хотин-қизлар ҳуқуқий маданиятини, ижтимоий фаоллигини оширишга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган, хотин-қизларга боғлиқ статистик маълумотлар жамланадиган “Аziz-ауоl.uz” ягона интерактив миллий платформаси ишга туширилди.
Қуйидагилар Миллий платформанинг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:
– ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилган ҳолда, тезкор таҳлилий маълумотлардан самарали фойдаланиш ва бу орқали давлат органларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид фаолиятининг самарадорлигини ошириш;
– вазирлик ва идоралардан хотин-қизлар билан боғлиқ маълумотлар тезкор йиғилиши ва реал вақт режимида таҳлил қилинишини таъминлаш;
– хотин-қизларнинг таълим олишларига кўмаклашиш;
– хотин-қизларни турмушга тайёрлаш, уларда фарзанд тарбиясига оид кўникмаларни шакллантириш;
– хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш;
– хотин-қизлар, шу жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга ёрдам бериш;
– хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлашга кўмаклашиш;
– хотин-қизлар ўз ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича мурожаат қилишлари учун янада қулайликлар яратиш;
– оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш;
– хотин-қизлар бўйича юритилаётган статистик ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ягона тизимини яратиш;
– Республика ва ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларининг фаолиятини кенг оммага етказиш.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Миллий платформани такомиллаштириш бўйича буюртмачи ва унинг юритилиши, узлуксиз фаолият кўрсатиши учун масъул ҳисобланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари Миллий платформадаги идоралараро электрон ўзаро ахборот алмашинуви доирасидаги маълумотлар рўйхатига мувофиқ сўраладиган маълумотлар ва ахборотларни киритиб боради.
Миллий платформани техник қўллаб-қувватлаш, шунингдек, унинг функционал имкониятларини мунтазам такомиллаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари, ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмаклар ва бошқалар), қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Миллий платформадаги идоралараро электрон ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Миллий платформа ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси ўртасидаги ўзаро электрон ҳамкорлик Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хотин-қизларнинг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва спорт турмуш-тарзини юритишга жалб этишга, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом этиб тарбиялашга оид видеоматериаллар ва қўлланмаларни Миллий платформага доимий юклаб бориш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хотин-қизларнинг Миллий платформадан бепул фойдаланишини таъминлаш чораларини кўради.