Ўзбекистон ишчи гуруҳи Бирлашган Араб Амирликларида ташрифининг иккинчи куни доирасида бўлиб ўтган учрашувда БАА саноат ва илғор технологиялар вазири – Масдар компанияси бошқаруви раиси Султон Аҳмад ал-Жобир ва ушбу мамлакатнинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан мулоқотлар юритилди.
Кун тартибидан инвестициявий ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида янги йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари ўрин олди.
Шу тариқа, Султон Аҳмад ал-Жобир билан кимё саноати, металлургия ва геология-қидирув соҳаларида жорий лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ва янги сармоявий ташаббусларни амалга ошириш режалари муҳокама этилди.
«Халифа бин Зоид ал-Наҳаян жамғармаси» бош директори Муҳаммад Ҳожи ал-Хурий билан учрашувда Нукус шаҳрида аёллар ва болалар клиникасини қуриш лойиҳаси амалга оширилаётгани таъкидланди. Қарши ва Тошкент шаҳарларида ҳам шундай шифохоналар қуриш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқларни эшитиш қобилиятини текширишнинг универсал тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
International holding company бош ижрочи директори Саед Басар Шуеб билан Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш, энергетика ва бошқа тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Томонлар мамлакатимиз инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ шартномалар тузиш мақсадида компания раҳбарияти ва экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олдилар.
ADSSC бош директори А. Шамси билан учрашувда асосий эътибор Тошкент шаҳридаги оқава сув тизимини ДХШ тамойиллари асосида такомиллаштириш лойиҳасини амалга оширишга қаратилди. Лойиҳа доирасида замонавий муҳандислик иншоотларини қуриш назарда тутилган. Тегишли инвестиция таклифи лойиҳаси жорий йил баҳорида имзоланиши режалаштирилган.
RAK Ceramics компанияси ижрочи директори А. Массад билан учрашувда Ўзбекистоннинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишидаги саноат салоҳияти атрофлича кўриб чиқилди.
Маълумот учун: «RAK Ceramics» компанияси 1989 йилда ташкил этилган. Компания дунёдаги энг йирик керамик маҳсулотлар (керамик плиткалар, санитария-техник воситалар, кранлар ва ошхона жиҳозлари, идиш-товоқлар ва бошқалар) ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Компания БАА, Ҳиндистон, Бангладеш, Эрон, Европа Иттифоқи, Австралия, Шарқий Африка ва Сингапурда ишлаб чиқариш қувватларига эга.
Экспортга мўлжалланган маҳсулотлар, хусусан, кафель ва кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошлаш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.