БАА "Dubai Expo 2020" Ўзбекистон миллий павильонида бўлиб ўтаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги кўргазмаси доирасида қатор хорижий компаниялар, бизнес вакиллари, ташкилотлар билан музокаралар олиб борилиб, ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланмоқда. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган топинамбур (ер ноки)дан экспортбоп шифобахш биологик фаол қўшимча ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳаси муаллифи ва айни пайтда "Яшнобод" технопарки резиденти бўлган "PARADISE FLORA" МЧЖ раҳбари Зилола Мўминжонова ҳам кўргазмада иштирок этиб, потенциал инвесторларга ўз лойиҳаси тақдимотини ўтказди.
— Дубайга ташрифимиз самарали ўтмоқда, Бу ерда БААнинг бозорини ўрганиб, айнан қайси турдаги маҳсулотимиз харидоргир эканига аниқлик киритиш имконига эга бўлдик. Ҳамкорларимизнинг истаклари ва бозор талабига кўра, топинамбур ва бошқа маҳаллий доривор ўсимликлардан турли шакллардаги маҳсулот ишлаб чиқарармиз. Ҳозирда биз топнамбур кукуни солинган нон, ширинликлар яратиш устида изланишлар олиб боряпмиз. Сифатли, мазали ва фойдали маҳсулотларимиз кўламини янада ошириш мақсадида лабораториямизда тадқиқотлар кенг кўламда олиб борилмоқда. — дейди З. Мўминжонова.
Ҳозиргача мазкур стартап лойиҳа доирасида 13 дан ортиқ биологик фаол қўшимчалар таркиби, формуласи ва уларни ишлаб чиқариш технологияси шакллантирилган бўлиб, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ва сотиш орқали 350 миллион сўм даромадга эришилди.