Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Диний бағрикенглик, диндорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари: миллий тажриба” мавзусида ташкил этилган минтақавий видеоконференция бу борадаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга бағишланди.

Тадбирда юртимиздаги тегишли идора ва ташкилотлари, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистондан турли диний конфессия вакиллари иштирок этгани унинг кўламию нуфузини кенгайтирди.

Конференция давомида “Маърифат ва диний бағрикенглик — янгиланган Ўзбекистоннинг маънавий кучи”, “Исломдаги диний бағрикенглик асослари”, “Бағрикенглик дин эркинлигини мустаҳкамлашнинг асосий принципи сифатида”, “Ўзбекистонда диний ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” каби қатор мавзулар муҳокама этилди.

– Ўзбекистонда турли конфессия, динлар, миллатлараро тотувлик, иноқлик муҳити, маданияти шаклланган, – дейди Яҳудий диний жамоалари Тошкент жамоатчилиги раиси Аркадий Исахаров. – Бунинг негизида асрдан асрга ўтиб келаётган қадриятлар, анъаналар мужассам. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари учун маданият маркази бўлди. Халқнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатлари туфайли бу жараён янада осон кечди.

Анжуманда Марказий Осиё мамлакатларида динлараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чоралар, минтақа давлатларининг ушбу соҳадаги ижобий тажрибасини халқаро ҳамжамиятга етказиш каби масалалар хусусида сўз борди.

– Охирги йилларда диний-маърифий соҳада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос ёндашувлари асосида ижтимоий-маънавий муҳит тубдан ўзгарди, – дейди Ўзбекистондаги Рим католик черкови раҳбари, епископ Ежи Мацулевич. – Энг аввало, диний ташкилотлар жамият тараққиёти ва юрт тинчлигида ўзига хос муҳим ўрин тутадиган мавқега эга бўлди. Бунда инсоннинг бошқа дин, ўзга маданият, алоҳида инсонни ҳурмат қилиш, ўз биродаридек қабул қилиш кўникмаси шаклланди. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар бўйича махсус вакили томонидан ҳам таъкидланмоқда. Мазкур ташкилот аъзолари Ўзбекистонга ташрифи давомида биз билан ҳам алоҳида учрашиб, фикр-мулоҳазаларимиз билан қизиққани эътиборга сазовордир. Ҳозир Ўзбекистонда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбир якунида муҳокама этилган мавзулар юзасидан хулосалар чиқарилди, мазкур фикр-мулоҳазалар соҳа ривожини юксалтириш йўлида хизмат қилиши таъкидланди.

Муножат МЎМИНОВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири