Учрашувда меҳнат миграцияси, хусусан, Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш жараёнларини тиклаш, имтиҳонлардан ўтган ва меҳнат шартномалари келган фуқароларни ушбу давлатга жўнатиш масалалари муҳокама этилди.

Жумладан, пандемия шароитида Корея Республикасига юбориш жараёнини ташкиллаштириш мақсадида жўнатилаётганларни коронавирусга қарши эмлаш, кетишдан олдин карантинда бўлиши учун карантин талабларига риоя этган ҳолда барча шароитларни яратишга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тайёр эканлиги маълум қилинди.

Ўз ўрнида элчи жаноблари Ўзбекистон фуқароларини вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш жараёнларини тиклашдан Корея иқтисодиёти ҳам манфаатдорлигини билдириб, ушбу таклифларни Корея Республикасининг тегишли ваколатли ташкилотларига етказишини ҳамда мазкур масала юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси матбуот хизмати.