Банк тизимида юз бераётган трансформация жараёнлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш мақсадида АТ “Алоқабанк” фаолияти билан қизиқдик.
Хўш, бугун 13 та филиали ҳамда 77 та комплекс хизматлар кўрсатиш марказлари фаолият кўрсатиб келаётган банкда бу жараёнда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
Мамлакатимизда электрон тижорат соҳасида фаолият бошлаган илк банк
Айтиш керакки, мазкур муассаса Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасида фаолият бошлаган биринчи банк ҳисобланади. Банк виртуал терминаллар билан илк эквайринг фаолиятини 2014 йилда йўлга қўйган. Мамлакатдаги биринчи тўлов ташкилотлари — Payme, Click билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиб, уларга E-Pos терминаллар орқали хизмат кўрсатишни бошлаган.
2016 йилда мазкур икки ташкилот билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи бўлиб картадан картага онлайн ўтказмалар ҳамда банк кредитларини онлайн сўндириш лойиҳаси ишга туширилганини ҳам қўшимча қилиш жоиз.
— Ҳозир барча мустақил тўлов ташкилотлари, жумладан, Payme, Click, Paynet, Paymo, U-pay, Oson банкимизни ўзининг ҳамкори сифатида танлаб, асосий айланмаларини биз орқали амалга оширмоқда, — дейди “Алоқабанк” АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Ҳасан Раҳматов. — Шунингдек, Beeline (Beepul), Ucell (U-to‘lov) ва Uzmobile (MyUztelecom) операторлари мобил иловаларининг онлайн тўловлари бизнинг банк орқали ўтади. 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, банк томонидан E-Pos терминаллар орқали хизмат кўрсатилаётган мижозлар сони
7 126 тага етди. 2020 йил 9 ойликда E-POS терминаллар айланмаси 2,8 триллион сўмни ташкил қилиб, бозорда терминал парки бўйича 16-ўрин, эквайринг бўйича 3-ўринни эгаллади.
15 дақиқада микроқарз олиш имконияти
Рақамли трансформация дунё бизнесининг рақамли иқтисодиёт жамиятининг янги шартлари ва афзалликларига мослаша бошлаган муқаррар жараён бўлиб, рақамли технологияни татбиқ этиш орқали жамиятда инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш, қулайликлар яратиш ва сифатини оширишга хизмат қилувчи восита ҳисобланади.
Давлат банкларини трансформация қилишнинг асосий йўналишларидан бири ҳам айнан IТ соҳасини ривожлантириш масаласидир. 2017 йил август ойида “Алоқабанк”да электрон тижоратни янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда замонавий банк хизматларини жорий этиш мақсадида “Электрон тижорат ва бизнесни ривожлантириш департаменти” ташкил этилди. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистонда биринчи бўлиб жисмоний шахслар учун овердрафт кредитлар жорий этилди.
2018 йил апрель ойида мамлакатимизда илк бор ҳеч қандай ҳужжатларсиз 15-20 дақиқа ичида ажратиладиган онлайн микроқарз хизмати, июль ойида эса жисмоний шахслар учун мўлжалланган Aloqamobile иловаси ишга туширилди. Айни пайтда у орқали жисмоний шахслар бир қанча хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Исталган банк карталарига ўтказмалар, 300 дан ортиқ хизматга онлайн тўловлар, давлат хизмати кўрсатувчи 24 та ташкилотга тўловлар, QIWI, Webmoney ва “Яндекс деньги” электрон ҳамёнларига тўловлар, онлайн микроқарз олиш, омонат очиш, тўлдириш, валюта конверсияси, тўловлар мониторинги кабилар шулар жумласидандир.
2020 йил ноябрь ойида эса илованинг Zoomrad номи билан янги версияси ишлаб чиқилиб, унда картага буюртма бериш, банк реквизитлари орқали исталган ҳисобрақамга тўлов ўтказиш, автотўлов ва тезкор тўловлар яратиш, коммунал хизматлар балансини онлайн кузатиш, ID орқали мактабгача таълим муассасаларига тўловлар қилиш каби функциялар қўшилди.
Хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва анъанавий хизматларни масофавий хизматларга айлантириш мақсадида банк ўзининг дастурчилар жамоасини ташкил этди. Эндиликда амалдаги хизматларни автоматлаштириш ва янги инновацион ишланмаларни аутсорсинг компанияларни жалб қилмасдан, ўз ресурслари ҳисобига амалга оширмоқда.
Дастурчилар жамоаси мобил иловаларни такомиллаштириш, автоматлаштирилган скоринг (1 ноябрдан фақат паспортнинг ўзи билангина кредит олиш имконияти), кредит мониторинг тизимларини ишлаб чиқиш, онлайн буюртма қилинган карталардан хизмат ҳақини автомат ундириш ва амалдаги хизматлар ҳажмини кенгайтириш мақсадида ташқи тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимларига API ёзиш (AloqaExpress – тизими маҳаллий пул ўтказмалари, Мактабгача таълим вазирлиги учун биллинг тизими – эндиликда боғчаларга онлайн тўлов қилиш имконияти мавжуд) ва бошқа бир қатор лойиҳалар бўйича ишламоқда.
Мижозга йўналтирилган ишлаш тизими
Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясининг асосий йўналишлари сифатида стратегик инвесторлар, бозор тамойилларига мослаштириш, давлат маблағларига қарамлиликни йўқотиб, тенг рақобат шароитини вужудга келтириш каби масалалар белгиланган. Банкларнинг бу жараёнга ўтишида эса уларнинг бизнес моделларини ўзгартириш ва мижозга йўналтирилган ишлаш тизимини жорий қилишнинг аҳамияти катта. Бу жиҳатларни “Алоқабанк” фаолияти ва ютуқларида кўриш мумкин.
— Хусусан, 2018 йил август ойида Ўзбекистон амалиётда биринчи марта UzAvtoSavdo мобил дастури орқали автомашина сотиб олиш учун онлайн тарзда тўлов қилиш тизими йўлга қўйилди, — дейди банк бошқарув раиси ўринбосари Фарруҳ Маҳкамов. — Кейинчалик ушбу тизим Марказий банкнинг Munis тизимига интеграция қилинди ва барча мобил иловалар орқали тўлов қилиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, 2018 йил сентябрь ойида банк UnionPay International ва UzCard тўлов тизимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи бўлиб кобейдж карталарни муомалага чиқарди. Ушбу карталардан эндиликда UnionPay International халқаро тўлов тизимининг ҳам Ўзбекистондаги, ҳам дунёнинг 170 та давлат ва минтақасидаги инфратузилмасида фойдаланиш мумкин.
Ушбу лойиҳа UnionPay International компанияси томонидан муносиб баҳоланиб, банк “Йил кашфиёти 2018” номинациясида ғолиб бўлди, 2019 йил эса “Энг креатив банк” номига муносиб кўрилди. Шу билан бирга, “Алоқабанк” юртимиздаги барча тижорат банклари томонидан эмиссия қилинувчи кобейдж карталарнинг транзакциялари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк ҳамдир.
— Юридик шахсларга мўлжалланган Aloqa business мобил иловаси бугунги кунда аҳолининг оғирини енгил қилишга кўмак бўлмоқда, — дейди Фарруҳ Маҳкамов. — 2019 йил декабрь ойида ишга туширилган ушбу дастурнинг бошқа банк иловаларидан афзаллиги шундаки, унда фойдаланувчи битта аккаунт орқали ўзининг бир нечта ташкилоти ҳисобрақамларини бошқариши мумкин. Шу билан бирга, “Золотая корона” билан ҳамкорликда 19 та давлатдан халқаро пул ўтказмаларини онлайн тарзда Uzcard ва Humo карталарига қабул қилиш хизмати жорий этилди.
Йўлкира тўлаш автоматлаштирилди
2020 йил январь ойида Транспорт вазирлиги ҳамда Ягона умумреспублика процессинг маркази билан ҳамкорликда жамоат транспортларида йўл ҳақини тўлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилди.
Биринчи босқичда Тошкент шаҳридаги автобуслар ва барча метро станциялари махсус валидаторлар билан таъминланди. Бугунги кунда Тошкент метрополитенининг барча станцияларида, жамоат автобусларида транспорт карталари, Uzcard, Humo, МИР карталари, шунингдек, NFC технологияси ва QR код орқали йўл ҳақини тўлаш мумкин.
Трансформациядан кутилаётган натижалар
Тижорат банкларини халқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилишдан кутилаётган асосий натижалардан бири банк ишида етарли даражада тажриба, билим ва обрўга эга бўлган стратегик инвесторларни жалб қилган ҳолда қатор тижорат банкларида давлат улушини камайтириш, фаолиятга халқаро тажрибани олиб киришдир. Қолаверса, кредит ташкилотларини уларга хос бўлмаган функцияларни бажаришдан, шунингдек, ортиқча юкламалардан озод қилиш орқали маъмурий юкни изчиллик билан бартараф этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тижорат банкларининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва масофавий банк хизмати турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзланмоқда.
“Алоқабанк”да бу борада қилинадиган ишлар талайгина. Мутасаддиларининг сўзларига кўра, банк ҳозир Россиянинг йирик банклари билан трансчегаравий пул ўтказмалари ва масофавий биометрик идентификацияни жорий қилиш, электрон пуллар ҳамда ҳамкор маркетплейслар орқали муддатли тўлов тизимини йўлга қўйиш каби лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, банклар трансформацияси орқали молиявий хизматларни олиш аҳоли учун жуда содда ва қулай шаклга келиши керак. Бунда IT технологияларнинг кенг йўлга қўйилиши билан бир қаторда ходимларнинг малакасидан тортиб муомаласигача ўзгариши, янгича ёндашувларга мос бўлиши жуда муҳимдир.
Давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш натижасида молиявий хизматларнинг оммабоплиги ошади, молия бозорида тенг рақобат шароитлари шаклланади, кредитлаш фақат бозор шартларига бўйсунади. Хизмат кўрсатиш модернизациялашиб, банкларнинг самарали инфратузилмалари яратилади, камхарж хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғи ривожланади, фаолият автоматлаштирилади, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматлар кенг жорий қилиниб, банк тизимининг молиявий барқарорлик даражаси кўтарилади.
Соҳиба МУЛЛАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири