Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консули А.Мухамедов, Байкалорти ўлкаси губернатори А.Осипов, шунингдек, Россия Федерацияси Байкалорти ўлкаси қурилиш, йўл хўжалиги ва транспорт вазири А.Гончаров ва бошқалар иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, коронавирус пандемияси сабабли Россия Федерациясига вақтинча ишлаш учун кетолмаган ва ишсиз қолган ўзбекистонлик фуқароларни Байкалорти ўлкасидаги йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш масаласини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Хусусан, Россия томони таклифига биноан ўтказилган учрашувда ўлкадаги 20 дан ортиқ қурилиш объектларига 1400 дан ортиқ фуқароларни ишга жалб қилишга келишилди ҳамда ишчилар учун барча зарурий меҳнат шароити яратилиб, бунинг учун иш берувчи кафиллиги белгиланди.