11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспорти бекатида аёл кишига номаълум шахснинг сабабсиз ҳамла қилган ҳолати видеолавҳаларда акс этган эди.

Учтепа туманидаги жамоат транспорти бекатида 32 ёшли Евгенияга сабабсиз бадан шикастлари етказган шахс муқаддам судланган 45 ёшли Тоҳир исмли шахс Сирдарё вилоятидан эканлиги аниқланиб, унга нисбатан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 1 қисми («Безорилик») бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Аммо дастлабки тергов давомида барча тафсилотлар ўрганилиб, жабрланувчи, гувоҳлар ва айбланувчининг кўрсатмалари инобатга олингач, айбланувчининг хатти- ҳаракатлари қайта баҳоланди. Натижада фуқаро Тоҳирга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми «г» банди («Безорилик»), ҳамда 112 моддаси 1 қисми («Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш») бўйича айблов тақдим этилди.

Дастлабки тергов даврида фуқаро Тоҳирга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Ҳозирги вақтда жиноят иши судга оширилган ва айбланувчига нисбатан жазо чораси суд томонидан белгиланади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.