Бекобод туманида қора мол ўғирлиги билан боғлиқ жиноятни содир этган фуқаролар ҳам оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юришни касб қилиб олган ёш, билаги кучга тўлган йигитлар бўлиб чиқди. Уларни Бекобод туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари Эркин Саидқулов ва Ҳотамбек Бобоев тезкор қидирув тадбирлари давомида аниқлади.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабарига кўра, 4 февраль куни соат тахминан 13:30 ларда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган А.И. тенгдоши А.Ш. билан ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро О.М.га тегишли, далага боғлаб қўйилган, умумий нархи 8 миллион сўм бўлган бир бош сигирни ўғирлаб, уни сотиш мақсадида танишлари Х.Х.ни чақириб, унга тегишли бўлган “ВАЗ-21013” русумли автомобилга юклаб олиб кетишади.

Мол боқиб юрган одамлар унинг тахминий нархини бир қарашда аниқлашади. Сотилаётган қора мол нима учун арзон эканини ўйлаб ҳам кўрмаган фуқаро М.Х. эса уни 5 миллион 300 минг сўмга сотиб олади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-модда 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.