Мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича бешта муҳим ташаббус доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.
Дастлаб биринчи ташаббус бўйича маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчан ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Тасвирий санъат асарлари, ўқувчилар томонидан тайёрланган миллий қўғирчоқлар ва либослар кўргазмалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан ёшлар боғининг давлатимиз раҳбари ташаббусларига мослаб тайёрланган 5 йўлагида 5 та ташаббус бўйича ташкил этилган тўгараклар тақдимоти намойиш этилди.
“Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли. Ёшларни болалигиданоқ спортга, санъатга, тил ўрганишга ва китоб ўқишга бўлган қизиқишларини уйғотиш борасида олиб борилаётган бу каби тадбирлар эса келажакда ўз самарасини беради ”, –дейди туман Халқ таълими бўлими мудири Умид Нуров.
Тадбир давомида ўқувчилар ўртасида “Ёшлар боғи-қайноқ ижод маскани!” мавзусида расмлар танлови ўтказилди.Унда фахрли ўринлари эгаллаган ёшлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Шу куни маданий тадбир ҳам ташкил этилди. “Мазкур тадбир ёшларда “Бешта муҳим ташаббус” доирасида тизимда амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш, ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда спортни оммалаштириш мақсадида ўтказилди.
Бугунги тадбир аввалгиларидан ниҳоятда фарқ қилди. Ушбу ижод сайлида Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурган муҳим беш ташаббуснинг мантиқий давоми ҳисобланган ва жорий йилнинг 26 март куни имзоланган ПҚ-5040 сонли "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактабларида жорий этилган "Маънавият тарғиботчилари" нинг ҳам ўрни сезилмоқда. Энди биз туманнинг барча ижодкор ёшларини аниқлаб, ўз ишимизни кенг масштабда ташкил этиш устида ишламоқдамиз-, дея таъкидлади туман Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Маъруф Каримбердиев.
Шундан сўнг ёшлар билан учрашув ҳам ташкил этилди. Суҳбат жараёнида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, бандлигини таъминлаш, уларга берилаётган имтиёз ва қулайликлар бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Қоракўл тумани ҳокимлиги матбуот хизмати