Ўзбекистон Бадиий Академиясида 2005 йилдан буён Тошкент архитектура-қурилиш институтининг “Архитектура муҳитини лойиҳалаш” кафедраси ўқитувчиси, ёшлар кўргазмалари ташкилотчиси, республика ва халқаро архитектура лойиҳалари танловларининг диплом лауреати Марина Бородинанинг “Литосфералар” номли кўргазмаси ташкил этилди.

1992 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Марина Бородина 1969-1973 йилларда П.П.Беньков номидаги рассомлик билим юртидаги Л.Рябцев устахонасида ва 1973-1978 йилларда Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтида "Монументал-декоратив санъат" кафедрасида таҳсил олди. У Ўзбекистондаги серқирра ҳайкалтарошлардан биридир. У кучли, фаол, ўзига хос фикрлаш қобилияти эга. У аниқ мезон, қолипларга боғланиб қолмайди, аксинча бадиий тенденцияларни шаклланишига, санъат оқимига таъсир этувчи ва ибрат бўлувчи ижодкордир.

Марина Бородина ижодини кузатар экансиз, у шунчаки юзакилик билан эмас, балки ҳар бир асарга алоҳида ички хоҳиш билан ёндашади ва ўзгача ечим хосил қилади. Ҳайкални ички ва ташқи мухитини ҳамда мазмун ва макон уйғунлигини топа олади. Шу маънода ҳам Марина Бородина изланувчан ижодкор, у оддий ашёлардан фойдаланиб, рассомнинг ҳис-туйғулари ва ғояларини аниқликда ифода этувчи ва мафтункор гўзалликни бера оладиган қобилият соҳибаси.
Марина Бородинанинг асарлари нафақат унинг бой тасаввурлари балки, жозиба ва нафис соддалик муҳаббати билан бойитилган қалбининг садосидир. Ижодкор ўз олдига қўйган мураккаб вазифаларни оддий ижро ва ўзгача ечим билан якунлайдики ҳар бир инсонни ҳайратда қолдиради ва илҳомлантиради.

Марина Бородинанинг ижодий имкониятлари кенг ва хилма-хилигини Галереянинг фойе қисмида кузатиш мумкин. У ерда ижодкорнинг амалга ошган ҳамда режалаштирилган лойиҳалари тақдим этилган.
Марина Бородина қизиқишларининг яна бир жиҳати — педагогик фаолиятдир. Унда рассомнинг муҳим истеъдоди ўзини намоён қилади. Марина Ростиславовна ўз шогирдлари билан биргаликда улуғвор монументал композициялар яратади, уларга ғайритабий фикрлашни, яратишни ва доимо изланишда бўлишни ўргатади.
Кўргазмада М. Бородинанинг “Синтез художественного творчества и некоторых аспектов образования” монографияси тақдим этилди.
Сайёра Назарова,
Галерея НБУ санъатшуноси