Чиқиндиларнинг табиатга салбий таъсирини камайтириш долзарб вазифалардан биридир. Юртимизда бу йўналишда сўнгги йилларда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхоналар барпо этилаяпти. Сурхондарё вилояти Ангор туманида фаолият юритаётган “Bio Texno Eco” МЧЖ шулардан бири.
Мазкур корхонада маиший чиқиндилар кластер усулида қайта ишланиб, 10га яқин турдаги тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли томони шундаки, чиқиндини қайта ишлаш орқали тайёрланаётган маҳсулотлар, жумладан, бугунги жуда харидоргир бўлган пластик қувурлар нефть-газ гранулаларидан тайёрланган шундай қувурлардан анча арзон. Шу боис, Европа технологиялари асосида фаолият кўрсатувчи ушбу корхонанинг хорижий ҳамкорлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда.
-Корхонамиз йилига 25,500 тонна чиқиндиларни саралаш, труба, пластмасс мойка ускуналари, салафан мойка, салафан гранулла ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга,- дейди корхона раҳбари Илҳом Боқижонов.- Корхона томонидан 210 та доимий иш ўринлари ташкил этилди.
Мазкур жамиятга чиқиндиларни саралаш, ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 4 гектар ер майдони ажратиб берилган. Ушбу чиқиндиларни саралаш ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш комплексининг ишга туширилиши ҳисобига Ангор, Термиз шаҳри Термиз туманларида ҳосил бўлаётган чиқинди маҳсулотларининг 100 % қисми технологияда сараланиб иккиламчи ярим тайёр маҳсулот сифатида фойдаланилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу жамият томонидан ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар натижасида жамиятнинг ўзида полеэтилин қувурлар ишлаб чиқарилмоқда ва гилам ишлаб чиқарувчи цехларга гранулалар етказиб берилмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан чиқиндини қайта ишлашга ихтисослашган мазкур замонавий корхонага пресстур ташкил этилди. Тадбирда журналистлар ва блогерлар ишлаб чиқаришнинг барча цикллари билан батафсил таништирилди, деб хабар беради қўмитанинг ахборот хизмати.