Ҳадемай мустақиллигимизга 30 йил тўлади. Тарих учун бу жуда қисқа давр, аммо юртимиз қўлга киритаётган ютуқлар ўта залворли. Айниқса, кейинги йилларда ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг қайси соҳасини олмайлик, улкан марралар забт этилганига гувоҳ бўляпмиз. Хусусан, таълимга қаратилаётган эътибор беқиёс.
Бугун тараққиётнинг тамал тоши, юртни қудратли, миллатни буюк қила оладиган куч бўлган таълимтарбияга, илмфанга эътибор ҳар галгидан юқори. Таълимда суяги қотган, 50 йиллик тажрибага эга педагог сифатида умримнинг мустақиллик йилларида ўтган даврига назар ташлагим келди.
1985 йили вилоят миқёсида илк бор Қарши шаҳридаги 5 мактабда математика фани чуқур ўрганиладиган синф очилган. Ўша пайтдаги муаммоларни эсласам, эҳҳее... Синф узрли сабаблар билан бир ҳафта кеч очилгани учун барча фан ўқитувчилари ярим йил маошсиз қолиб кетганди.
Собиқ иттифоқ даврида биргина боғча ёки мактаб очиш учун ҳам юқоридан йиллаб рухсат кутишлар, асаб бузишлар кўп учрарди. Биргина мисол, Қашқадарё вилоятида физикаматематика мактаби очиш учун қилинган уринишлар бефойда кетган.
Бугун юртимизда математика, кимё, физика фанлари чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаблар ҳар бир туманда ташкил этилаётганининг ўзи бир мўъжиза. Бу мактаб ўқувчилари Ўзбекистоннинг янги тарихини битади. Уларни биринчи ва иккинчи Ренессансни қурган буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, янги Ренессанс бунёдкорлари деб айта оламиз.
Ёшларни аждодларга муносиб авлод этиб тарбиялаш устозлар зиммасида. Минг йиллар давомида шаклланган миллий таълимтарбия тизими ёшлар учун ибрат намунаси бўлмоғи лозим. Буюк аллома боболаримиз Имом Бухорий, Мотуридий, Абу Муин Насафий сингари зотлар тарихда ўчмас из қолдирган. Бу улкан меросни ёшлар шуурига чуқур сингдириб, миллатимиз шаънини баланд тутмоғимиз шарт.
Президентимиз бежиз “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, демади. Мактабга эътибор келажакка эътибор демакдир. Ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган саъйҳаракатларни кўриб, нега 50 йил кейин туғилмадим, деб афсусланаман. Ўқитувчиларга яратилаётган имконият ва имтиёзларни санаб улгуролмаймиз. Ўтган асрнинг 80йилларида калькулятор билан таъминланган синф намунали саналган бўлса, ҳозир ҳар бир ўқувчимизда ноутбук бор.
Ҳатто боғча боласи ҳам мактабга бормай туриб, компьютер орқали чет тилларни бемалол ўрганмоқда. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг ментал арифметика бўйича дунё миқёсида қўлга киритаётган ютуқлари ҳавас қилса арзигулик.
Битирувчи синф ўқувчилари жаҳоннинг ўндан зиёд машҳур олий таълим муассасасига муддатидан олдин ўқишга киряпти.
Бунақаси олдин бўлган эмас. Бу ютуқларни кўриб, биз — кекса авлод вакиллари фахрланамиз, дилдан қувонамиз.
Мустақилликка қадар 20 йил ишлаб, ҳатто “халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишонини олмаганман. Энди қарангки, мустақиллик йилларида камтарона хизматларим уч маротаба давлат мукофотига муносиб кўрилди. 1996 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2007 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони, 2016 йили Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига муносиб кўрилдим. Бу менга иқболнинг кулиб боққани эди. Оддий мактаб ўқитувчисининг Ўзбекистон Қаҳрамони бўлиши, эътибор, эҳтиром, эъзоз топиши... буни сўз билан ифодалашга ожизман.
Мактабимизга Франциядан меҳмон келганида, мени Ўзбекистон Қаҳрамони деб таништиришди. Шунда меҳмонлар ҳайратини кўрганингизда эди! Улар мамлакатида ўқитувчилар учун бундай юксак мукофот йўқлигини афсус билан билдирди. Қаранг, бугун юртимизда ўқитувчига эътибор қай даражада!
Мендан нега ўқитувчилик касбини танлаганимни тезтез сўраб туришади. Бу ҳавасни менга онам сингдирган, кичиклигимдан, “Болам, ўқитувчи бўл”, деб қулоғимга қуйиб борган. Ҳатто университетни тугатиб, мактабда ишлаётганимда ҳам “Мактабдан узоқлашма”, деб кўп айтар эди. Чунки университет, институтларга тезтез ишга таклиф этишарди. Шунда онам раҳматли “Сен мактаб боласини ўқитяпсан, ҳали бир куни самарасини кўрасан”, деб мактабдан узилишимга йўл қўймасди. Онам айтгандек бўлди — меҳнатим самарасини кўрдим.
Тақдиримдан, яъни ўқитувчи бўлганимдан хурсандман. Ишонасизми, биометрик паспортимга ҳатто бармоқларим изи тушмаган. Сабаби, узоқ йиллар бўр ушлайвериб ушлайвериб, бармоқлар изи ҳам ўчиб кетган. Шунақаси ҳам бўлар эканда.
Баъзан “Сиз тўкин оилада ўсганмисиз?” деб сўрашади. Шунда фаррошнинг қизи бўлганимни, онам челак, супурги кўтариб, етти фарзанднинг ҳаммасини олий маълумотли қилиб ўстирганини фахр билан айтаман.
Йиллар давомида ёш ўқитувчилар ва иқтидорли ўқувчилар учун бешта қўлланма, олий ўқув юртларига кирувчилар учун эса 5000 дан зиёд тест тўпламини тайёрладим. Ўқувчиларимнинг 21 нафари мамлакат миқёсида ўтказилган математика олимпиадасида, 3 нафари халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаган.
Шогирдларим билан фахрланаман. Ёш ўқувчилар “Мени шогирдликка олинг”, деб мурожаат қилса, ҳар доим “Шартим шуки, келажакда мендан ўзиб кетсанг, шогирдликка қабул қиламан”, деб жавоб берганман.
7 синф “Геометрия” дарслиги муаллифларидан бири, марҳум Улуғбек Сағдиев ҳам шогирдим. Иқтидорли ўқувчилар учун бешта, ёш ўқитувчилар учун иккита услубий қўлланма ёзган.
Яна бир шогирдим Шаҳнозахон Ғаниева И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига ўқишга кирувчилар учун “Элементар математика курси масалаларининг ечими” қўлланмасини тайёрлади.
Ўқувчиларимдан уч нафари фан доктори, йигирмадан зиёди фан номзоди. Юртимиздаги турли олий таълим муассасалари ва нуфузли ташкилотларда самарали меҳнат қилиб келмоқда. Мана шундай ўқувчиларим сабаб эллик йилдирки, мактаб остонасидан узоқлаша олмайман. Болалар ҳаётим мазмунига айланган.
Халқимиз бахтли, саодатли яшашга, тинч, фаровон ҳаёт кечиришга мустақиллик шарофати туфайли эришганини ўйласам, беҳисоб шукроналар айтаман. Сўнгги йилларда бошқа соҳалар қатори таълимда бўлаётган ўзгаришлар, юксалишлар қалбимга ғурур бағишлайди. Шу юртнинг фарзанди эканимдан фахрланаман!