Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўринишидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжонлар ана шундай халқлар қаторига киради. Ҳар икки миллат вакиллари бир-бирини таржимасиз тушуна олади. Турмуш тарзимиз, анъана ва урф-одатларимиз, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда муштарак жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин.

Бу икки буюк халқни асрлар, минг йиллар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ўхшаш жиҳатлар ҳам бор. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш, “Авесто” китоби, шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари ана шу азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир.

Ўзбек мусиқасининг гултожи саналган нодир мақомларимиз ва бетакрор Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди. “Темурийлар Ренессанси” нинг асосчиси Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур даврида Озарбайжон давлати билан боғланган ришталар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Биз бу узвийликни халқаро илмий-маданий томонлама кўплаб кўришимиз мумкин.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида илмий-амалий соҳада кейинги 3 йилдаги ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз. 2020-2023 йилларда Озарбайжон давлат санъат ва маданият университети билан имзоланган шартнома асосида институт профессор-ўқитувчилари, таянч докторантлари мазкур олийгоҳда илмий стажировка ўтаб қайтдилар. Айнан институт талабалари учун музейшунослик, санъатшунослик йўналишида онлайн вебинарлар, семинарлар ташкил этилмоқда. Хусусан 2021йилда  Озарбайжон давлат санъат ва маданият университети профессори Эльфира Мэликова-Курбанова ҳорижий профессор сифатида талабаларимизга музейшунослик фанидан онлайн дарс ўтиб берди.

Биламизки, Озарбайжон музейлари, замонавий шаҳар меъморчилиги ўзига хос  инновацион кўринишга эга. “Замонавий музейшуносликнинг инновацион ривожланиш истиқболлари” мавзусида ташкил этилган илмий семинарда дунёнинг бир қатор музейлари раҳбарлари онлайн иштирок этиб, талабаларимизга, профессор-ўқитувчиларга замонавий музейшунослик, музей туризми, дизайни, экспозицияси тўғрисида ўзларининг қимматли маълумотларини тақдим этдилар. Ушбу онлайн ташкил этилган илмий семинарда Озарбайжон музейлари раҳбарлари, илмий ходимлари ўз маърузалари, фикрлари билан иштирок этдилар.

Айниқса, музейшунослик, реставрация бўйича тадқиқотлар олиб бораётган Озарбайжонлик докторантларнинг чиқишлари, институт илмий тадқиқотчилари учун ўзаро фикр алмашишга туртки бўлди. Бундан ташқари, “Камолиддин Беҳзод ижоди-жаҳон олимлари нигоҳида” деб номланган халқаро конференцияда Озарбайжон давлат санъат ва маданият университети ректори Жейран Маҳмудова бошчилигидаги 5 нафар олимдан иборат ташриф буюрган делегация аъзолари институтимизнинг илмий – ижодий йўналиши билан танишиб, талабаларимизнинг ижодий ишларини кўздан кечирдилар.

Бундан ташқари жорий йилнинг  март ойида институтимизнинг 3 нафар таянч докторанти Озарбайжон санъат ва маданият университетида ўзларининг олиб бораётган илмий тадқиқотлари юзасидан икки ҳафталик стажировка ўтаб келдилар.

Шунингдек, шу йилнинг апрель ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Хайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуманда институтимиз таянч докторантлари, профессор-ўқитувчилари ўзларининг илмий мақолалари билан иштирок этдилар.

Бир сўз билан айтганда, келгусида институт илмий-ижодий йўналишда Озарбайжон давлати билан кўплаб илмий-амалий лойиҳаларни режалаштирганмиз. Булар,  Озарбайжон музейларида сақланаётган маданий ёдгорликларимизни ўрганиш, уларнинг электрон каталогини тузиш, очиқ дарслар, стажировкалар, конференция ва семинарлар, маҳорат дарслари, рассомларимизнинг кўргазмалари, дизайн йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари   мисолида кўришимиз мумкин.

Санъат, маданият ҳеч қачон тил, макон танламайди. Санъатни ўрганиш, тарғиб этиш абадий давом этади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Озарбайжон музейларидаги Ўзбекистонга оид меросни ўрганиш орқали икки давлатнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари бир-бири билан яқин бўлганлигини ҳис этиш мумкин. Албатта, ушбу  ҳамкорлик алоқалари келгусида илмий-ижодий йўналишда янги қирралар, ютуқлар, имкониятлар очишида имкон яратади, дея ишонч билдирамиз.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти проректори, тарих фанлари доктори