Яхши ниятидан яйраган миллат,

Муаззам туркиймиз, мунаввар Шарқмиз,

Бизга аждодларнинг излари ибрат,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Якдил халққа асло тегиб бўлмайди,

Туғи бошдан тушмас, эгиб бўлмайди,

Бирлашганни сира енгиб бўлмайди,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Меҳр дарёсига мироб ўзимиз,

Дину диёнатга чироқ кўзимиз,

Тинчлик, фақат тинчлик, бизнинг сўзимиз,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Одиллик, оқиллик қонимиздадир,

Номус ҳам оримиз жонимиздадир,

Адолат қиличи ёнимиздадир,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Совуқдан асраган оилани танча,

Бизни бирлашмасин деганлар қанча,

Яшайди хаёлда тиғларин санча,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Сотмай ҳам сотилмай тикка қарашган,

Қорнимас, қадрига ҳар он талашган,

Ўзбекка – ўзига беклик ярашган,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Вафодор дўстларни кафтида тутган,

Кин, ғараз, хасадни буткул унутган,

Ҳамиша хуш мезбон, хуш меҳмон кутган,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Жаҳон аҳлин қалбин зафтига қодир,

Муҳаббатнинг сўнмас тафтига қодир,

Ўзбек шундай халқдир, юраги нодир,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Янги Ўзбекистон – қутлуғ мақомда,

Майли ирқи, дини, турли каломда,

Ватандош аталар ҳамма бир номда,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Шонли давлат қурган боболар бизда,

Дунё қўлин очган дуолар бизда,

Илми уммон бўлган донолар бизда,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Катта йўлга чиққан карвонга балли,

Тангри ато этган имконга балли,

Элни азиз тутган инсонга балли,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Ғоя бир, мақсад бир, халқ бахти учун,

Уйғонмоқ керакдир, дил аҳди учун,

Фозиллар кўтарар миллатнинг юкин,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

 

Янги Ўзбекистон – буюк мақсаддир,

Меҳрдан яралган метин сарҳаддир,

Мард сарбон тиклаган эгилмас қаддир,

Бир мақсад йўлида бирлашган халқмиз.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири