Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов иштирокидаги таҳлилий-танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги вазифалар ижроси, йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилди.

Қайд этилишича, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури доирасида мазкур соҳани аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида 110 та оилавий шифокорлик пункти, 30 та оилавий поликлиника ва 520 та маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш белгиланган.

Бироқ ўтган даврда Тошкент вилоятида режадаги 10 та, Қашқадарёда 9 та, Сирдарёда 5 та оилавий шифокор пунктидан бирортаси ташкил этилмаган. Ҳудди шундай, оилавий янги поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилишда бирламчи тизимни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича давлат раҳбари топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун:

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Тешаев ва Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Курбановга ўртача ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима;

Шу билан бирга, вазир олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш механизми жойларда тиббиёт ходимларига тўлиқ тушунтириб берилмаганлиги ва жараён тизимли назоратга олинмаганлиги сабабли тармоқ режалари нотўғри тузилганлиги, уларнинг ижроси талаб даражасида бажарилмаганлигини танқид қилди.

Шундан келиб чиқиб, даволаш-профилактика ишларини талаб даражасида ташкил этмагани, тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкиллаштиришда назоратни сусайтиргани, аҳоли репродуктив саломатлиги кўрсаткичларининг ёмонлашгани учун йиғилишда:

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Иминов, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Хакимов, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Н.Сафоев ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Содиқовларга ҳайфсан интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Юсупов ҳамда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Арабов, Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Орипов ва Ўзбекистон тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Қурбонов, Хива туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари М.Жуманиезова, Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари А.Ибодуллаев, Хоразм вилояти Тез тиббий ёрдам маркази директори У. Матякубов, РШТИЁМ Хоразм филиали директори ўринбосарлари Б.Юсупова ва Б.Машариповлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига (Қ.Камалов, Ю.Мирхонов, А.Ёрқулов, И.Холмурзаев, У.Абдуллаев, Ж.Асатуллаев) ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.

 Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.