Юртимизнинг кўплаб шаҳарларида бўлгани каби, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри, "Nurafshon sity" кўчасида марафон старт олди. Мазкур марафонда 3200 зиёд иштирокчилар 3 километр масофага югуришди.
Эрта тонгдан бошланган марафонда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида минглаб кўнгиллилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари хусусан, ёшлар ва кенг жамоатчилик фаоллари қатнашди.
Асосий мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва кенг оммалаштиришдир. Марафон қатнашчилари белгиланган 5 километрга яқин масофани босиб ўтди. Якунда фаол иштирок этган ёшлар, маррага биринчилардан бўлиб етиб келган ғолиблар турли ёш тоифасида ташкилотчилар томонидан алоҳида рағбатлантирилди, эсдалик совғалари топширилди.
— Марафонда ғолиб бўлганимдан хурсандман, — дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Алибек Салимов.
— Тадбир баҳона кўплаб дўстлар билан танишдик. Йил давомида бу каби оммавий мусобақаларда фаол иштирок этяпмиз. Муҳими, бу лойиҳалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам беради.
Шундан сўнг шаҳар марказида "Китоб карвони"ни кузатиш маросими ўтказилди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг Тошкент вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу лойиҳа доирасида 22 туман ва шаҳардаги ёшларга 3 мингдан ортиқ бир-биридан қизиқ, фойдали адабиётлар етказилади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири