Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4-Ф-сон Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Биргаликда бир кучмиз!” шиори остида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танлови ўтказилди.

Барча карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Божхона институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимларини янада мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда жонажон Ватанимизга, халқимизга ҳурмат ва садоқатли қилиб тарбиялаш, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижодий салоҳияти ва уларнинг ўз иқтидорларини намойиш этиш учун имконият яратишдан иборат.

Юқори савияда ўтказилган, иқтидорли ёшлар иштирокидаги қувноқлар ва зукколар кўрик танловида “Саломлашиш” ва “Мусиқий чиқиш” шартлари бўйича ИИВ Академиясининг “Ёш ҳуқуқшунослар”, Божхона институтининг “Бўлажак божхоначилар” ҳамда ФВВ Академиясининг “Firemen” жамоалари ўзаро беллашишди. Дўстона руҳда ташкил этилган тадбирда турли саҳна кўринишлари орқали курсантлар, ижодкорлик қобилиятларини ҳамда санъаткорлик истеъдодларини намойиш этдилар.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан кўрик танлов иштирокчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Қизиқарли таассуротларга бой бўлган тадбирда ФВВ Академияси ҳарбий хизматчилари ва курсантлари ижросидаги Она Ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барча иштирокчиларда илиқ таассуротлар қолдирди, уларнинг кўзларида қувонч ва хурсандчилик яққол намоён бўлди.

Бугунги кунда Ватанни ҳимоя қилиш ёши, фаолият соҳаси ва касбидан қатъий назар ҳар бир фуқаронинг чинакам шарафли бурчидир ва айнан шу сабабли республикада Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда дейди — Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг ФВВ Академиясидаги бошланғич ташкилоти етакчиси, катта лейтенант Фирдавс Каримов — Янги Ўзбекистонда Ўзбекистон Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, барқарор ривожланиши ва халқимиз тинчлигини янада ишончли ҳимоясини таъминлаш имконини бермоқда.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

Академия катта ўқитувчиси, майор.