Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бугун вилоятларда, қолаверса, олис чекка ҳудудларда ҳам юқори технологик ва мураккаб амалиётлар ўтказиш имконини беряпти.
“Академик В.Вахидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази” раҳбари, Тиббиёт фанлари доктори, профессор Сайдимурад Исмаилов ташаббуси билан Оқолтин туман тиббиёт бирлашмасига қарашли, Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи марта, 34 ёшли туғма юрак нуқсони бор беморда туман даражасида очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, нуқсон пластика йўли билан бартараф этилди.
Ушбу амалиёт профессор С. Исмаилов бошчилигидаги маркази жамоаси, гулистонлик ва оқолтинлик жарроҳлар ҳамроҳлигида устоз шогирд анъанасига амал қилган ҳолда муваффақиятли ўтказилди.
— Ўғлим Зиёвуддин, болаликдан туғма юрак етишмовчилиги касаллиги билан курашиб келади, — дейди Оқолтин туманининг “Бўстон” маҳалласида истиқомат қилаётган Суюнбой Жалилов. — Буни, биз, Зиёвуддин саккиз ёшга етганда билганмиз. Аммо, қўл калталиги боис, уни ўз вақтида даволата олмадик. Ўша вақтларда туғма юрак етишмовчилиги билан боғлиқ амалиётлар хорижий давлатларда ўтказиларди, нархи эса жуда баланд эди.
Зиёвуддиннинг юрак соҳаси билан боғлиқ, туғма нуқсон очиқ жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.
— Бу амалиётнинг мураккаблиги шундаки, туғма юрак нуқсони билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти очиқ ҳолда ўтказилиб, бемор юраги вақтинчалик тўхтатилиб, унинг вазифасини махсус аппаратга юклаб, тўхтаб турган юракда нуқсон жарроҳлик йўли билан бартараф этилади, — дейди профессор. — Бунда хатога йўл қўйиб бўлмайди. Юракдаги қон оқимини тиклаш, ундаги туғма нуқсонни бартараф этиш учун замонавий синтетик маҳсулотдан фойдаланилади. Шу йўл билангина юрак қон оқими тикланади. Асосийси, ушбу амалиётни туман даражасида бажарилиши Ўзбекистон тиббиётида катта янгилик десак ҳам бўлади. Очиғи, бу турдаги амалиёт ихтисослаштирилган муассасаларда амалга оширилган, аммо туман даражасида эмас. Бу турдаги амалиётлар келгусида вилоят ва туманлар даражасида кўплаб ўтказилади.
Айни вақтда оқолтинлик бемор саломатлиги анча яхши бўлиб, у пойтахтлик ва оқолтинлик шифокорлар назорати остида даволанишни давом эттиряпти.
Ғулом Примов,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби.