БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида мамлакатимиз 8 поғона кўтарилган бўлса, Open Data Inventory (ODIN)нинг очиқ маълумотлар кўрсаткичлари бўйича жаҳонда ўттизинчи, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
Янги Ўзбекистон учун ўтиб бораётган сўнгги олти йил тарихий аҳамиятга эга давр бўлгани рост. Кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилиши баробарида юртимизнинг дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янада жадаллашди. Пировардида жаҳон миқёсида мавқеи юксалиб, халқаро майдондаги обрў-эътибори янада ортмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси 2020 йил 14 декабрь куни “Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Эътиборлиси, ушбу резолюцияни қабул қилиш таклифи Президентимиз томонидан 2020 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Барқарор ривожланиш дейилганда айни пайтда умргузаронлик қилаётган инсонлар эҳтиёжини қондиришда келажак авлодга зарар етказмасдан тараққий этиш тушунилади. Бошқача айтганда, бу ҳозирги фаолият ва замонавий жамият эҳтиёжларини қондиришда келажак авлодларга зарар етказмайдиган, балки улар ўртасида мувозанатни топадиган тараққиётга эришишдир.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий ғояси ҳеч кимни ортда қолдирмаслик тамойилига асосланади. Унинг негизида Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича эришилган ютуқлар ётади ва қашшоқликнинг барча кўринишларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга қаратилади.
БРМ бўйича резолюция 2015 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясида қабул қилинди ва бу ҳужжат принципиал жиҳатдан янги глобал мажбурият ҳисобланади. Унда барқарор ривожланишнинг 17 мақсади ва унга эришишнинг 169 та вазифаси қайд этилган. Яъни одамлар соғлиғи ва фаровонлигидан тортиб иқлим ўзгаришигача, гендер тенгликдан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараёнларни қамраб олган.
2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳада белгиланган мақсадларга эришиш учун дунёдаги ҳар бир давлат географик жойлашуви, имкониятлари ва тараққиёт даражасини ҳисобга олган ҳолда ўз миллий мақсадлари ҳамда уларга эришиш стратегиясини белгилаб олган. Ўзбекистонда ҳам 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга оширишнинг аниқ механизмини шакллантириш ва уларга эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Улар томонидан ҳар бир глобал мақсад ва вазифаларни миллий устуворликдан келиб чиққан ҳолда мослаштириш бўйича ишлар олиб борилди.
Ўрганишлар натижасида мамлакатимизда барқарор ривожланишнинг жами 17 та глобал мақсадидан 16 таси бўйича тегишли чоралар кўриш имконияти мавжудлиги аниқланди. Фақат битта — “Барқарор ривожланиш учун океанлар, денгизлар ва денгиз ресурсларини сақлаш ва барқарор фойдаланиш” деб номланувчи 14-мақсад ва унинг таркибига кирувчи 10 та вазифани бизда амалга оширишнинг имкони йўқ, деб топилди. Сабаби, Ўзбекистон ҳудуди океан ёки денгиз билан туташмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарори билан белгиланган 16 та мақсадга эришиш учун вазифалар сони 126 тага кенгайтирилди ва 190 та миллий БРМ индикатори тасдиқланди.
2022 йил 29 декабрда эса Олий Мажлис палаталари кенгашларининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан 13 та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирни ўз ичига олган “йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур қўшма қарор мазмун-моҳияти Тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғундир.
ҚАНДАЙ КЎРСАТКИЧЛАРДА ЎСИШГА ЭРИШИЛДИ?
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиш ҳамда ушбу соҳада бошқарув қарорларини қабул қилиш учун аниқ ва ўз вақтида тайёрланган, тавсифлари бўйича тақсимланган, долзарб, фойдаланиш учун қулай бўлган статистик маълумотлар зарур. Бу борада статистика ҳамжамияти зиммасига 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кўрсаткичларини шакллантириш вазифаси юклатилган. Дунёнинг бошқа давлатлари каби Ўзбекистонда ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига миллий миқёсда эришиш бўйича ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.
Статистика агентлиги раҳбарлигида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича идоралараро ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилиб, унинг зиммасига бу борадаги глобал индикаторлар асосида МБРМ кўрсаткичлари тизимини доимий янгилаб бориш ва унинг методологиясини шакллантириш, тўплаш ҳамда веб портал (www.nsdg.stat.uz)да эълон қилиш каби вазифалар юклатилган.
Ўтган давр мобайнида агентлик томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланган миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг 190 та индикатори рўйхати ишлаб чиқилди.
БМТ статистика бўлими веб саҳифасида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича илғор тажрибага эга давлатларнинг ушбу соҳада амалга ошираётган ишлари ёритиб борилади. Ўзбекистон Республикаси 2022 йил якунига кўра 87 та шундай давлат қаторидан жой олди ва мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни кузатиб бориш ҳамда жамоатчиликни хабардор қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумот эълон қилинди. Бу борада БМТ Тараққиёт дастури техник кўмаги билан 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича веб сайт (https://nsdg.stat.uz/) ишлаб чиқилди.
Ушбу веб сайт Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ютуқларини таҳлил қилишда фойдаланувчилар учун ягона ва ишончли маълумотлар манбаи ҳисобланади. Платформада маълумотлар оқимини мувофиқлаштириш Статистика агентлиги томонидан амалга оширилади. Веб сайт замонавий визуализация усулларини тақдим этади, бу фойдаланувчиларга таҳлилий жадвалларни яратиш ва график тасвирларнинг энг мосини танлаш имконини беради.
Веб сайт ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади. У МДҲ мамлакатлари орасида илғор амалиётнинг ажойиб намунаси ва БМТ тизими билан муваффақиятли ҳамкорлик натижаси сифатида эътироф этилди. Шунингдек, Статистика агентлиги томонидан ҳар йили “Ўзбекистон Республикасида миллий БРМларга эришиш бўйича статистик кўрсаткичлар тўпламлари” учта (рус, ўзбек ва инглиз) тилларда тайёрланиб, нашр этилмоқда.
БМТнинг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлари томонидан мамлакатларнинг асосий индекслари бўйича ривожланиш тенденциялари ўрганиб чиқилади. Шунга асосан, йилда бир маротаба SDG index деб номланувчи халқаро рейтинг натижалари эълон қилиб борилади.
Барқарор ривожланиш мақсадлари индексини ҳисоблаб чиқиш жараёнида 17 та мақсад бўйича 100 га яқин халқаро индекс ва индикаторни ўз ичига олувчи маълумотлар манбалари таҳлил қилинади.
2023 йилда шакллантирилган SDG index ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг мавқеи 166 та мамлакат орасида 71,1 индекс билан 8 поғонага кўтарилиб, 69-ўринга лойиқ кўрилди. 2022 йилда Ўзбекистон 69,9 индекс билан 77-ўринда қайд этилган эди.
SDG index ҳисоботига мувофиқ, Ўзбекистонда ўтган йили барқарор ривожланишнинг 10 та мақсади, яъни камбағалликни қисқартириш (1-мақсад), соғлиқ сақлаш ва фаровонликни таъминлаш (3-мақсад), сифатли таълим (4-мақсад), гендер тенгликка эришиш (5-мақсад), тоза сув ва санитария (6-мақсад), саноатлаштириш, инновация ва инфратузилма (9-мақсад), шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш (11-мақсад), иқлим ўзгаришига қарши курашиш (13-мақсад), тинчлик, адолат ва самарали бошқарув (16-мақсад), барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик (17-мақсад) кўрсаткичларида ўсиш кузатилган.
ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР — МУҲИМ МАНБА
Рақамли иқтисодиёт ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш масаласи янада муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали муҳим ахборот манбаидир. Ҳозирги кунда мамлакатимизда маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада самарадорликни ошириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган.
Уларда Статистика агентлиги зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилган. Халқаро тажриба ва фойдаланувчилар фикрини инобатга олган ҳолда порталдаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан эълон қилиниши лозим бўлган очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини янгилаб туриш, ундан самарали фойдаланишни таъминлаш, бу йўналишда методологик ёрдам кўрсатиш, очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, халқаро нуфузли рейтингларда иштирокини таъминлаш кабилар шулар жумласидан.
Шундан келиб чиқиб, 2021 йилнинг август ойида Сингапур, Канада, Буюк Британия, Эстония каби давлатлар амалиёти асосида Очиқ маълумотлар порталининг такомиллаштирилган янги версияси (data.egov.uz) ишга туширилди.
Ҳозирги кунда порталда 160 та давлат органи ва ташкилоти томонидан 8 минг 500 дан ортиқ очиқ маълумотлар тўплами мунтазам жойлаштирилиб келмоқда. Портал Очиқ маълумотлар институти (Open Data Institute, ODI)нинг “Silver” даражали сертификатини олди. Шунингдек, Статистика агентлигининг расмий веб сайти (stat.uz) ҳам ушбу институтдан очиқ маълумотлар сертификатининг жамоа гувоҳномасини олиш орқали энг юқори “Platinum” даражасига эришди.
Open Data Inception маълумотига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида Ўзбекистон очиқ маълумотлар манбалари сони мавжудлиги бўйича тўртинчи, 2023 йил август ойида эълон қилинган Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида эса 70 балл тўплаган ҳолда 2018 йилдаги 168-ўриндан 138 поғонага кўтарилиб, дунёда 30-ўринни ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Open Data Inventory очиқ маълумотлар рейтинги миллий статистика идоралари томонидан юритиладиган веб сайтлар ҳамда ҳар қандай расмий ҳукумат веб сайтида тақдим этилган маълумотларнинг қамрови ва очиқлигини баҳолайди. Умумий ODIN очиқ маълумотлар рейтинги бали миллий статистика идоралари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар қанчалик тўлиқ ва очиқ экани кўрсаткичи ҳисобланади. Ижтимоий, иқтисодий, шунингдек, атроф-муҳит статистикаси бўйича йиғма баллар ҳамда қамраб олиш ва очиқлик бўйича йиғма баллар миллий статистика тизимларининг кучли ёки заиф томонларини кўрсатиб беради.
Open Data Inventory баҳолашлари долзарб йўналишдаги 22 та статистик маълумотларни кўриб чиқади. Ушбу статистика маълумотлари 65 та индикатордан иборат. У 2023 йилдан бошлаб Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индикаторлари қаторига киритилди. Бу, ўз навбатида, рейтингнинг нуфузи ошишига ва 2030 йилга қадар БРМ мақсадларига эришишни мониторинг қилишда мамлакатларнинг очиқ маълумотлардан кенгроқ фойдаланишига олиб келади.
Мамлакатимизда очиқ маълумотлар тизимини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари шаффофлигини таъминлаш ва “Очиқ ҳукумат” концепциясини амалга ошириш, хорижий инвесторларни салоҳиятимиз тўғрисида хабардор қилиш, туризм хизматлари бозорини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий институтлар фаолиятини йўлга қўйишда фуқаролик жамияти иштирокини юксалтириш каби йўналишларда амалий натижаларга эришиш лозим.
Бу жараёнда Очиқ маълумотлар порталига давлат органлари ва ташкилотлари ахборот ресурсларини интеграция қилиш орқали автоматик равишда жойлаштириладиган маълумотлар тўпламлари сони кўпайтирилади. Илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган конференция, саммит, форумларда, шунингдек, ўқув ва малака ошириш курсларида мутахассислар иштироки таъминланади. Давлат органлари ва ташкилотлари, таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмаларида очиқ маълумотлар билан ишловчи ходимлар малакасини ошириш муҳим ўрин тутади. Устувор халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланиши бу борадаги ишларга ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Баҳодир БЕГАЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Статистика агентлиги директори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор