Пировардида, шундай тезкор тараққиётга мос равишда қонун ҳужжатлари ҳам такомиллашиб бормоқда. Қонунчилик базасидаги янгиликлар ва суд-ҳуқуқ соҳасига кириб келган янги амалиёт, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг янги турларини аниқлаш усуллари мамлакатимиз ривожига монанд равишда янгиланмоқда.
Албатта, Конституцияни такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бежиз эмас. Уни халқимиз кўз ўнгида намоён бўлаётган бундай юксалишларга мос равишда такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим шартидир.
Шу ўринда биргина маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича инсон ҳуқуқларига дахлдор мисол келтирмоқчиман. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс иштирокисиз чиқарилади ва белгиланган тартибда ҳуқуқбузарга юборилади. Электрон воситалар орқали расмийлаштириладиган бу янги амалиёт бир жиҳатдан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар учун жазони тезроқ имтиёзли бартараф этиш борасида қулайлик туғдирмоқда. Аммо бир жисмоний шахсга нисбатан битта ҳуқуқбузарлиги учун икки ва ундан ортиқ жазо чоралари қўллаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Масалан, бир автомашина тақиқланган белги остида қолдирилди. Буни кўрган бир ёки бир неча фуқаро суратга олиб, муайян вақтлар оралиғида ички ишлар органлари махсус хизматларига юборади. Шундай хабарлар асосида бир ҳуқуқбузарлик учун икки ва ундан ортиқ маъмурий жазо чораси қўлланилган ҳолатлар бор. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, ўз муаммоли вазиятларига муносиб ечим тополмай, давлат идоралари орасида сарсон бўлишига олиб келмоқда.
Жиноят кодексининг 8-моддасида одиллик принципи сифатида ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аммо “Ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги тўғрисидаги норманинг Бош қонунимизда бўлмаслиги қонунчилигимиздаги бўшлиқ ҳисобланади. Конституциявий бўшлиқ бошқа қонун ҳужжатларига кескин таъсир этади. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда айнан бундай аниқ нормалар мавжуд эмас. Агар бу норма Конституцияда бўлганида эди, жазо тайинлашда унга таяниш мумкин бўларди. Ваҳоланки, аслида бу норма принципиал норма сифатида Конституцияда ўз аксини топиши лозим эди.
Конституциявий комиссиянинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан тавсия этилган ушбу таклифнинг комиссия аъзолари томонидан маъқулланишини жамиятда Конституция ва қонунлар устуворлиги тарафдори сифатида “Адолат” социал-демократик партияси тўла қўллаб-қувватлайди.
Бундай принципиал ва халқаро умумэътироф этилган нормаларнинг Бош қонунимизда мавжуд бўлиши инсон ҳуқуқларини таъминлашда алоҳида ва қатъий аҳамият касб этади. Зеро, Конституция устуворлиги жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
“Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари