4 июль куни MAGATE бош директори Рафаэль Мариано Гросси ниҳоят бу масалани ҳал қилиш учун Японияга келади. Ташриф давомида у атом электр станциясига бориб, чиқинди сувларни денгизга оқизиш хавфсизлиги бўйича якуний ҳисоботни тақдим этади ва Япония регулятори баёнотини тинглайди. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, ушбу иккала ташкилот ҳам сув тўкилишини маъқуллаши кутилмоқда.

Айтиб ўтиш лозимки, 2011 йилдаги зилзила ва цунами оқибатида юзага келган авариядан сўнг “Фукусима” АЭС ҳудудида 1000 дан ортиқ сув резервуарлари тўпланиб қолган. Бу тахминан 1,3 миллион куб метрни ташкил этади ва улар ёрдамида шикастланган реакторлар совутилган. Япония расмийларига кўра, 2024 йил бошида барча резервуарлар тўлади. Уларда сақланадиган сув яхшилаб тозаланган, аммо, таркибида ҳали ҳам изсиз эримайдиган водороднинг радиоактив изотопи – тритий бор.

Япония ҳукумати сувни денгизга тўкиш зарурлигини қайд этиб, бу дунёнинг бошқа атом электр станцияларида ҳам одатий ҳол эканини таъкидламоқда. Бундан ташқари, ушбу сувни оқизмасдан, атом электр станциясини фаолиятини бутунлигича тугатишнинг иложи йўқ.

Бир неча кун олдин расмийлар сувни чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, хусусан, сувни денгизга чиқариб юборишга мўлжалланган сувости туннелининг тўлиқ тайёрлигини эълон қилган эди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, сувни оқизиб чиқариш жараёни бир неча ўн йиллар давом этади, деб хабар беради uzreport.news.