Учрашувда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Мамлакатимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг самарали ва мустақил фаолият юритишини қўллаб-қувватлаши, кейинги даврда БМТнинг мазкур Бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик амалий руҳда изчил ривожланаётгани қайд этилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз БМТнинг устав ва шартномавий органлари доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгайтирилишини таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Миллий марказ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жорий йил 30 апрелда референдумга қўйиладиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришда жиноий жазо кўзда тутилган айрим нормаларни имкон қадар камайтириш ёки юмшатиш бу борада кутилган ижобий натижаларни бериши қайд этилди. Ф.Тюрк ўзи раҳбарлик қилаётган БМТ Бошқармаси ушбу йўналишдаги қонун лойиҳаларининг халқаро андозаларга қанчалик мослигини ўрганиб, тегишли тавсиялар беришга ҳамиша тайёр эканини маълум қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
матбуот хизмати.