Йиғилиш БМТТД, ЮНФПА ва ФАОнинг «Оролбўйи минтақасидаги ёшлар ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун мослашиш имкониятларини кенгайтириш орқали уларнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини ошириш» Қўшма дастури доирасида ташкил этилди.
Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад Оролбўйи минтақасида ёшлар ва аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг учинчи йиғилишида амалга оширилган ишларнинг оралиқ натижалари тақдим этилиб, мазкур лойиҳанинг вазифалари ва мақсадлари муҳокама этилди.
Учрашувда, шунингдек, 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди ҳамда келгуси йилда ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну «вазирлик ва идораларнинг фаол иштироки натижаларга муваффақиятли эришиш учун муҳим омил» эканини қайд этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидаги Доимий вакилининг ўринбосари Отабек Абдреймов «Лойиҳа доирасидаги дастлабки аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви, сифатли электр таъминоти ва аҳолининг даромади ортиб бориши БМТТД томонидан кўрсатилган амалий ёрдамнинг устувор мақсадларидан бири бўлганлигини қайд этди. У шунингдек, «Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш мақсадида денгизининг қуриган тубида ўрмонлар барпо этиш, саксовул кўчатларини қўлда экиш ишлари олиб борилгани»ни таъкидлади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.