Ана шундай изланувчан ёшларимиздан бири, бугунги кунда Ҳиндистоннинг Османия Университети Халқаро иктисодий муносабатлар йўналишида таьлим олаётган Ўткир Алимов билан суҳбат ўтказдик:

Аввало, ҳинд халқи ва маданияти, у ернинг диққатга сазовор масканлари ва ўқишдаги таасуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Ҳиндистон ҳақида гап кетганда бу ўлкани мўьжизалар диёри деб ҳам аташ мумкин. Кўҳна Шарқнинг энг қадимий мамлакатларидан бири ҳисобланадиган бу жой дунёнинг етти мўьжизасидан бири Аградаги ҳақиқий муҳаббат рамзи – “Тож маҳал” билан кўп машхур. Айниқса, Кашмир тоғларининг улуғворлиги, Ҳинд океанига бориб туташадиган Ганга дарёсининг сокин тўлқинлари, оқ йўл-йўл чизиқли Бенгал йўлбарсининг наьраши, Бангалорнинг қўлга ўргатилган улкан филлари, Ассам водийсининг бепоён чой экилган далалари, пешонасига синдур суртган Гужаратнинг гўзал қизлари, Ҳайдарободнинг биряни, пури, бажжи номли зиравор таомлари ҳақида тўлқинланиб гапириш мумкин. Ўқишдаги таьтил пайтларимизда Деҳли, Гоа, Бомбей, Калкутта, Орисса, Ченнай, Керала, Амритсар, Пуна шаҳарларини томоша қиламиз.

Университетимизда элликка яқин давлатдан келган ёшлар таьлим олади. Хусусан, бизнинг факультетимизда Бангладеш, Непал, Туркия, Хитой, Кения, Парагвай, Руминия, Зимбабве, Қатар, Латвия, Украина каби давлатлардан келган курсдошларим бор. Дарсларимиз асосан инглиз тилида олиб борилади. Гарчи улар бошқа миллат вакиллари бўлишса-да, улар билан ўртоқлашиб, аҳил дўст бўлиб кетганмиз. Биз бундай хорижий олийгоҳларда ўқиш шарафига Истиқлол туфайли, ҳукуматимиз томонидан ёшларга юксак эътибор сабаб эришмоқдамиз, албатта.

Иқтисод, сиёсат ва адабиёт. Бир-биридан йироқ соҳалар. Адабиётга қизиқишингиз бу шунчаки ҳоббийми ёки…  

Ўйлаб-ўйлаб ҳозир бу борада бир хулосага келиб қолганман: танлаган соҳам хорижий алоқалар, сиёсат бўлса-да, ижодга, адабиётга бўлган қизиқишимга ҳам жиддий эътибор бериб бораман. Ижодкорлик бу шундай бир тақдир ва унга тан бериш, унинг бутун азобию роҳатига кўниш, чидаш керак.

Тўғри, мутахассислигим адабиётдан анчайин йироқ. Аммо барибир ёзувчилик, сўз саньати менга саккизинчи мўьжизадек туюлаверади…

Бир вақтлар Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” Республика ёшлар семинарида иштирок этиб, етук ёзувчи, шоирлар Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо, Муҳаммад Али, Анвар Обиджон, Усмон Азим, Улуғбек Ҳамдам каби устозлар сабоғини олиб қайтганмиз. Ўшанда улар бизнинг ижодий хатоларимизни тўғрилашга ёрдам бериб, ўзларининг қимматли маслаҳатларини аямаганлар. Ижодий ютуқларга тўхталадиган бўлсак, 2013 йилда Шарқий Европанинг Мариуполь шаҳрида ўтказилган “Яшил сайёра” номли ёш дебатчилар танловида фаол иштирок этдим. 2014 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Халқаро Ёшлар Форумида қатнашиб, “Энг оригинал экологик ғоя” номинациясида жамоамиз билан ғолибликни қўлга киритдик. 2017 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Халқаро Ёшлар Фестивали делегати сифатида иштирок этдим. 2018 йилда эса Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида ўтказилган “Кафла” Халқаро Адабиёт ва Маданият фестивалида юртимиз ёш ижодкорлари номидан қатнашдим. Ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқишда оз бўлса-да ҳисса қўшсам хурсанд бўламан.

Бошқа миллат, бошқа тил, ўзгача яшаш тарзи, ўзгача маданият... Юртдан олисда юрганингизда кўп қизиқарли воқеаларга дуч келсангиз керак?

Албатта. Ҳиндистондаги ҳар бир штатнинг турмуш тарзи ва маданияти ўзгача олам. Дейлик, ҳиндларнинг “Ҳоли” байрамида дунё гўзалликка буркансин дея бир-бирларига ранг сепишади. Мабодо ўша куни Шимла томонларга ўтиб қолсангиз уст-бошингиз камалакдек рангларга бурканади. “Девали” байрами эса ёруғлик байрами. Ушбу айёмда кўчалар ва уйларнинг чироғи асло ўчмайди. “Ганеш” ва “Дасара” байрамлари ҳам рақссиз ва қўшиқларсиз ўтмайди. Биласизми, ҳинд аёллари ўз умр йўлдошларини маьбудлардек кўришади ва умрлари давомида айтган сўзларини ўзлари учун қонундек ҳисоблашади. Бўйнидаги никоҳ туморини ҳеч қачон ечмайдилар. Байрамларда умр йўлдошига узоқ умр тилаб, қўлларига хина чизиб, Карвачот рўзасини тутадилар. Ҳиндистоннинг меьморий обидалари ҳам кўп минг йиллик тарихга эга бўлиб, ўтмиш ҳақида афсоналар куйлайди. Турли даврларда бунёд этилганига қарамасдан уларнинг ҳар бири ўзгача ранглар жилосини ҳамда ажойиб композиция ҳосил қилади. Айниқса, “Қутбминар”, “Нилуфар” ибодатхонаси, “Чорминар”, “Ҳумоюн” мақбараси, “Ҳава маҳал”, “Ҳамандир Соҳиб” ибодатхоналари мукаммал архитектура услубида бунёд этилган.

Энг қизиғи, курсдошларимиз билан Агра шаҳридаги “Тож маҳал” мақбарасини зиёрат қилишга борганимизда мажмуани таништирувчи инструктор ушбу мақбарани Бобурийлар сулоласининг вакили Шоҳжаҳон ўз рафиқаси Мумтозбегимга атаб қурдирган деганида ўзбек эканимдан ғурурланиб кетдим ва курсдошларимга Бобур Мирзонинг ғазалларидан парчалар ўқиб бердим. Ҳатто ишонасизми, мен ҳозирда яшаётган шаҳарда Бобурийлар авлодига мансуб, маҳаллий аҳоли Акбаршоҳ давомчиларидан бири деб билгувчи Яқуб Ҳабибуддин исмли инсон яшар экан. Яқин орада мен у инсон билан суҳбатлашиш ниятим бор. Суҳбатлашсам таассуротларимни яна албатта баҳам кўраман.

Тенгдошларингизга тавсияларингиз?

Инсоннинг умр баҳорини ёшликка ўхшатишади. Ёшликнинг қаноти эса – орзу. Табиатда фасллар такрорланади, аммо умр баҳори қайтмайди. Ёшлик шижоат фасли. Унда сен бемалол денгизни ҳатлашинг, юлдузга қўл узатишинг мумкиндай туюлади. Бугунги глобаллашув замонамизда тенгдошларимга, ука-сингилларимга тилагим шуки, миллатимизга хос бўлмаган қандайдир мавҳум ғояларга эргашмай, балки аниқ мақсадлар сари дадил боришларини истардим. Вояга етаётган ўғил ёки қизига қараган ҳар бир ота-она фарзанди сиймосида ўзи эришолмаган орзулар рўёбини кўришни истайди. Ваҳоланки, бугун юртимиз ёшларининг имкониятлари анчайин кенг. Ахборот технологиялари билимини ўзлаштирса, хорижий тилларни мукаммал ўрганса, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдалана билса, келажаги порлоқ бўлиши шубҳасиз.

Юлдуз Ўрмонова суҳбатлашди.