«Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
мактабгача таълим ташкилотларида «Шахсий гигиена ва жисмоний тарбия асослари» машғулотлари ўтказилади;
республика умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув дарсларини қайта кўриб чиққан ҳолда 1-4-синфлар учун «Тарбия» ва «Атрофимиздаги олам» фанлари, юқори синфлар учун «Биология» фани таркибида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича «Саломатлик сабоқлари» мавзулари киритилади;
академик лицей, профессионал ва олий таълим муассасаларининг «Жисмоний тарбия» фани доирасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича машғулотлар ўтказилади;
тиббиёт техникумларида валеолог, диетолог, нутрициолог мутахассисликларини тайёрлаш, нутрициолог ва диетолог магистратура (интернатура, клиник ординатура) мутахассисликларини 1 йиллик ўқув дастурлари асосида тайёрлаш йўлга қўйилади;
тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат, клиник ординатура, магистратура, тиббиёт коллежлари ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг барча йўналишларида тўғри овқатланиш мавзулари алоҳида циклда ўқитилади;
барча мутахассисликлар бўйича врач ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, қайта тайёрлаш курслари бўйича фан дастурларига «Соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш мезонлари» мавзулари киритилади.