Боланинг боғчага бориши шарт эмас, дейдиганлар қаттиқ янглишади. Бола боғчада нафақат таълим-тарбия олади, балки ўзини шу жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳам ҳис қила бошлайди. 2017 йил 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари “Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Бунга қўшимча исбот қидириб узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас.
Шунинг учун ҳам биз мактабгача таълим тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу борада катта ишларни бошладик. Агар шу ишни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз, таълимнинг узлуксизлигини таъминлашимиз қийин бўлади”, дея таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда болаларни мактабгача таълимга қамраб олишда оилавий боғчалар ташкил этилгани бу масалада янги ва самарали ечим бўлди. Сўнгги олти йилда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етгани, бунинг натижасида 2 миллионга яқин бола боғчага бораётгани тизимда бошланган ислоҳотларнинг самарасига яққол далилдир. Биргина мисол: 2017 йили Тошкент вилоятида 3-7 ёшли 220 мингдан зиёд боланинг атиги 60 мингга яқини 441 та давлат мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган эди. Ўша вақтда Тошкент вилоятида бирорта ҳам оилавий боғча фаолият кўрсатмаётганини қайд этиш керак. 2022 йили вилоятда истиқомат қиладиган қарийб 3-7 ёшли 214 минг боладан 144 минг 507 нафари 1 минг 782 та мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинди. Энг аҳамиятлиси, бугунга келиб вилоятда 1 минг 67 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб, уларда қарийб 28 минг бола таълим-тарбия олмоқда.
Мана шу муассасалар орасида Нурафшон шаҳридаги Саида Эрматова мудиралик қилаётган оилавий мактабгача таълим ташкилоти ҳам бор. У юзга яқин болалар қатори мудиранинг ҳаётида ҳам туб бурилишлар ясади.
— 2019 йили оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш тўғрисидаги хушхабар ҳаётимда туб бурилиш ясади. Бу пайтда оддий уй бекаси, ишсиз аёл эдим. Бундай янгиликни эшитганим заҳоти юрагимдаги умид учқуни алангалади ва оилавий боғча очишга қарор қилдим, — дейди Саида Эрматова.
Нурафшон шаҳри Нурафшон маҳалласида ташкил этилган бу боғча шаҳарда илк оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан бири эди. Дастлаб 25 ўринли МТТ сифатида иш бошлаган муассасада кейинчалик яна 25 та ўрин ташкил этилди. Ҳозир 50 ўринли оилавий МТТда болалар ўрта ва катта гуруҳнинг мусиқа, тасвирий санъат, рақс ва рус тили тўгаракларида бошланғич билимларни ўзлаштирмоқда. Уларнинг илк билим ва кўникмаларини шакллантириш учун барча шарт-шароит яратилган.
Оилавий боғчада болаларнинг давомати ва ходимларнинг ишга келиб-кетиши онлайн назорат қилинади. Тизим тўғридан-тўғри Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига уланган. Шунга кўра, давлат томонидан ходимларга ойлик иш ҳақи ва болаларга озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун субсидия ажратилади. Ҳозир 2 та гуруҳ учун ўртача 12 миллион сўм атрофида ҳар ойда субсидия берилади. Бундан ташқари, болалар учун ойлик тўлов ҳам ҳамёнбоп — 300-350 минг сўм.
Президентимиз яқиндаги Мурожаатномасида мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўзлаб, жумладан, шундай деган эди: “яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКонинг Мактабгача таълим бўйича умумжаҳон анжуманида ҳам бу ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди.
Шу билан бирга, келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу — жуда катта марра. Шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади”.
Мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса, бола боғчага борсин! Фикри теран, синчков нигоҳли, кенг дунёқарашли, энг муҳими, Учинчи Уйғониш даврига тамал тошини қўя оладиган авлод таълим-тарбияни, албатта, боғчадан бошлаши лозим.
“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном олган 2023 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш хусусий сектор ҳисобига янада ортиши турган гап. Чунки юртимизда Саида Эрматовадек ташаббускор ва бугунги давр сиёсатини тўғри тушунадиган хотин-қизлар, ишбилармон аёллар бисёр.
Отабек ИСРОИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси