Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови ва сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 211 тадан 18 минг 300 тага ошди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 27,7 фоиздан 60,9 фоизга кўтарилди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам сезиларли даражада кўпайди. Бугунги кунда юртимиз бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида бир миллион етти юз минг нафар бола тарбияланмоқда. Ваҳоланки, 2017 йилда 708 минг нафар бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган эди.
Шу йилнинг 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган танқидий-таҳлилий руҳдаги йиғилишда давлатимиз раҳбари Мактабгача таълим вазирлиги олдида турган қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, Президентимиз таклифига биноан, юртимизнинг 53 та туманида 34 минг ўринли икки мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларнинг очилиши қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Йиғилишда яна бир имтиёз ҳақида сўз юритилди. Яъни таълим-тарбия сифатини ошириш учун оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материаллар бепул берилиши учун давлат томонидан 30 миллиард сўм ажратилади ҳамда уларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.
Бугун олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси — давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларни ташкил этишдир. Ҳозир бундай муассасаларда бир бола учун сарфланадиган харажатнинг 50 фоизи субсидия қилинмоқда. Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларнинг кредити бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.
Инвестиция дастури асосида давлат бюджети ҳисобидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда мамлакатимиздаги 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудида элликта мактабгача таълим ташкилоти барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 нафардан ошган элликта маҳалла танлаб олинган.
2021 йил якунига қадар икки мингта оилавий мактабгача таълим ташкилоти ва элликта давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда қирқ иккита мобил гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобига жами 69,4 минг тарбияланувчи ўрни очилади. Шу билан бирга етти минг янги иш ўрни яратилади. Бундай ислоҳотлар туфайли 2021 йил якунига қадар қамровни 67,7 фоизга кўтариш белгиланди. Жорий йил бошида қамров кўрсаткичини 65 фоизга етказишни режалаштирилган эди. Давлатимиз раҳбарининг қамровни ошириш бўйича берган таклифига биноан, ушбу кўрсаткич яна 2,7 фоиз оширилади.
Таҳлиллардан кўриняптики, мактабгача таълим ташкилотлари кўпайгани сари педагог кадрларга эҳтиёж ҳам ошади. Шуни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим ташкилотларининг 12 минг ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.
Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида мактабгача таълим тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини англатади.
Танқид инсонни фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга ундайди. Шу маънода Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишдан сўнг биз ҳам соҳадаги камчиликларимизни яна бир бор таҳлил қилдик. Уларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалаларини мутахассислар билан кенг муҳокама қилдик.
Президентимиз берган вазифаларни амалга оширишга бутун тизим ходимлари сидқидилдан ёндашади. Халқ манфааати йўлида масъулият билан ишлашга жамоамиз билан қатъий киришамиз. Зиммамизга юкланган масъулиятни мактабгача таълим тизимида меҳнат қилаётган барча ходимлар юракдан ҳис қилди, десак муболаға бўлмайди.
Бу каби имтиёзлар ва имкониятлардан сўнг нодавлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этган ташаббускорлар ҳам янада шижоат билан ишлайди. Тадбиркорлигини ривожлантиради. Биз, мактабгача таълим соҳаси ходимлари янги очиладиган оилавий боғчаларда таълим сифатини оширишга қаратилган дастурлар яратамиз ва тадбиркорларга яқиндан кўмаклашамиз.
Агриппина ШИН,
мактабгача таълим вазири