Бугун мусобақа доирасида чорак финал жанглари ўтказилмоқда. Ушбу босқичда Ватанимиз шарафини 6 нафар чарм қўлқоп устаси ҳимоя қилишяпти. Бироз аввал -60 кг вазнли боксчимиз Абдумалик Халаков ярим финал йўлида россиялик ашаддий рақиби Всеволод Шумковга қарши рингга кўтарилди ва ишончли – 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Демак, терма жамоамиз ҳисобида камида бронза медал нақд.

Энди Абдумалик Халаков финал йўлланмаси учун эронлик Даниал Шаҳбашга қарши рингга кўтарилади. Мазкур жанг 4-ноябр куни бўлиб ўтади.

Бугун вакилларимиз орасида биринчи бўлиб рингга кўтарилган -48 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Нодиржон Мирзаҳмедов эса қозоғистонлик Темиртас Жуссуповга имкониятни бой берди.

Бугун кечки дастурда терма жамоамиз аъзоларидан Мужибилло Турсунов (-63,5 кг вазн тоифасида), Саиджамшид Жафаров (-75 кг), Мадияр Саидраҳимов (-92 кг) ҳамда Лазизбек Муллажонов (+92 кг)лар ҳам чорак финал босқичида рингга кўтарилади.

Боксчиларимизга бўлажак жангларда омад тилаймиз.