Глобаллашув шароитида таълим ва тарбиядаги муаммолар алоҳида аҳамиятга эга, зеро ҳозирги пайтда жамиятда тобора муҳим ўрин эгаллаётган янги ҳаётий қадриятлар шаклланмоқда. Уларнинг қай бири мақбул-у қай бирига сергак қараш керак, буларни аниқ билиш жуда муҳим масаладир.
Тўғри, тарбия билан боғлиқ муаммолар одамларни доимо ташвишга солиб келган. Инсонга тарбиявий таъсир нафақат болалик ёки ўсмирлик даврида, балки балоғат ёшида ҳам зарур бўлади. Чунки тарбия – бу инсон боласининг соғлом вояга етиши, умр кечириши учун уни ўқитиш, қалби ва руҳини иҳота қилиб, уларга ғамхўрлик кўрсатиш жараёнидир.
Афлотундан таълим ва тарбия ҳаётнинг биринчи йилларидан бошланиб, унинг охиригача давом этади, деган фикрлар келтирилади. Ҳозирги рақамли жамиятда пайдо бўлаётган мулоқот усулларидан тўғри фойдаланиш учун ҳам, қарангки, ёш чегараси деган тушунча ўз таъсирини йўқотади.
Ҳаммага маълум: тарбия оиладан бошланади Уильям Теккерейнинг сўзимиз аввалида келтирганимиз фикрини таҳлил қилсак, босилган қадам одатга айланади. Бола эса илк қадамни оилада ташлайди. Ўша муҳитда шаклланган одатлар кишининг характерини белгилайди.
Одат – бу автоматик равишда такрорланадиган ҳаракат. Мунтазам равишда амалга оширилаётган одатлар такрорланиши натижасида улар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланади. Онгли ёхуд ғайриихтиёрий ҳаракатлар ўша одатларни шакллантиришдаги илк қадамлардир. Характер эса айни одатлар ва шахсий хусусиятлар йиғиндиси ўлароқ вужудга келади. Бошқача айтганда, у ҳаракатлар ва одатлар асосида шаклланади. Шундай экан, хатти-ҳаракатлар ва одатлар характер ҳамда тақдирни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.
Демак, ҳаётни яхши томонга ўзгартириш, аввало, инсон ҳаракат ва одатларини ижобийларига ўзгартиришдан бошланади.
Бир нарсани тан олайликки, ҳозирги замонавий рақамли дунёда рақамли болалик даври вужудга келди. Рақамли болалик – бу ёш авлод аллақачон яшаётган ва ривожланаётган янги ҳақиқат. Шундай экан, катталарнинг вазифаси: замонавий рақамли технологиялар тақдим этаётган ресурсларни боланинг манфаати учун йўналтириш, уларни бу ресурс-имкониятлардан тўғри фойдаланишга ундаш бўлмоғи лозим.
2017 йил 8-сентябрда қабул қилинган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлар таснифлаб берилган.
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот жумласига болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти, шунингдек, муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулотлари киради.
Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти сирасига:
– болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан, ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;
– болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;
– одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;
– оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;
– ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;
– жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган;
– уятли сўзларни ўз ичига олган;
– порнография хусусиятига эга бўлган ахборот киради.
Ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, шу жумладан, бундай боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг ота-онаси ва бошқа қонуний вакилларининг фото- ва видеотасвирлари, бундай боланинг туғилган санаси, унинг овози ёзилган аудиотасма, яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи, ўқиш ёки иш жойи тўғрисидаги, бундай боланинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.
Рақамли дунёдаги рақамли болалик даврида ҳар жиҳатдан омон қолишнинг асосий шартларидан бири – оиланинг боладаги хавфсизлик ҳиссини таъминлаши ҳисобланиб, у, пировардида ташқи дунё билан ўзаро алоқадаги хавфсизликни таъминлайди. Демак, бу ўринда ота-онанинг онгли, технологик илмларга таянган хатти-ҳаракатлари асосий муҳим ролни ўйнайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Қадам одатни, одат – характерни, характер – тақдирни белгилайди» тарзида ифода этилган ҳаётий ўзгармас ҳақиқат нафақат якка инсон, балки бутун инсоният қисматини шакллантиришда ҳаракат ва одатларнинг нақадар аҳамиятли эканини таъкидлайди. Шундан келиб чиқиб айтамизки, ёшларнинг рақамли болалик давридаёқ дуч келаётгани ахборотлар таъсирида ҳозирги кунда ўта хавфли тус олаётган хуруж – кибербуллинг/киберзўравонликка учраб қолишининг олдини олишда фарзандларимизнинг онлайн ҳаёти ҳақида мунтазам хабардор бўлишимиз жуда муҳимдир. Шундан келиб чиқиб, уларни зарарли ахборотлар мақсад-моҳияти билан таништириб бориш, улардан ҳимоя усулларини ўргатиш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб, у ҳаммамизни бирдек хушёрликка чақирмоқда.
Миноввархон Юнусова
ТДЮУ профессори