Бундан кўзланган мақсад — Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси ҳамда “2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда ёш тадқиқотчиларга яратилган имкониятлар билан курсантларни яқиндан таништириш.

Вазирликнинг кўргазмалар залида республика бўйлаб иқтидорли талабалар, ёш олимлар томонидан яратилган янги инновацион маҳсулотлар намуналари, дастурий таъминот маҳсулотлари, истиқболли лойиҳалар ва илмий ишланмалар билан вазирлик масъул ходими томонидан таништирув бўлиб ўтди. Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Олимжон Тўйчиев мамлакатимизда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар тўғрисида ёшларга батафсил маълумот бериб ўтди.

 Шунингдек, у ўз маърузасида ёш тадқиқотчилар, интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазирлик ҳузурида “Ёшлар академияси” фаолияти ташкил этилганлигини ҳам айтиб, бўлажак божхоначиларга ҳам “Ёшлар академияси”га аъзо бўлишни ва ўзларининг янги-янги ғоялари билан иштирок этишни таклиф қилди.