Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур байрамга Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, оилавий болалар уйлари ҳамда алоҳида эҳтиёжли болалар таклиф этилди.

Байрамона безатилган арча, ёруғ чироқлар ва ранг-баранг шарлар болажонларга кўтаринки кайфият улашди. Саҳналаштирилган томошалар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қувноқ ўйинлар ҳамда куй-қўшиқлар болалар қалбида янги йил шодиёнасини янада кучайтирди. Ёш ижодкорларнинг рангтасвир асарлари эса тадбирга ўзига хос маънавий руҳ бағишлади.

Бу йил «Президент арчаси» тадбирлари болаларнинг қизиқиши ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда янгича мазмунда ташкил этилди. Орзу, ишонч ва поклик ғояларини ўзида мужассам этган дастурлар болажонларнинг маънавий оламига ижобий таъсир кўрсатди.

— «Президент арчаси» тадбирлари орқали биз болаларга қувонч улашиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва янги йил байрамини чин маънода ҳис этишларига шароит яратмоқдамиз. Ҳар бир бола эътибор марказида бўлиши, ўзини қадрли ва эъзозланган ҳис қилиши — бизнинг асосий мақсадимиздир деди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзметова.

Тадбир доирасида мамлакат бўйлаб 11 минг 125 дона Президент совғалари тайёрланди. Уларнинг таркибига болаларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилувчи 24 номда ўқув анжомлари, шунингдек, 34 номда ширинлик маҳсулотлари киритилди. Айни пайтда ушбу совғалар белгиланган манзиллар бўйлаб етказиб берилмоқда.

«Президент арчаси» — болалар қалбида умид, меҳр ва ишончни мустаҳкамлайдиган эзгу анъанага айланиб улгурган.

Зулхумор АКБАРОВА