Муассаса диагностик поликлиника, радиология, клиник лаборатория, анестезиология-реанимация, операцион блок ва 5 та клиник бўлимни ўз ичига олади. Хусусан, диагностик поликлиника бўлими ортопедик касалликларни эрта аниқлашда қўлланадиган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Унда болаларда кўп учрайдиган яссиоёқликни эрта аниқлаш мақсадида компьютерли подометрдан фойдаланиляпти.
Ушбу ускуна ёрдамида йил давомида мингдан ортиқ бола назоратдан ўтказилиб, уларда аниқланган яссиоёқлик даражаси, тури ва даволаш усуллари танланади. Ультратовуш ускунасида бир ёшгача бўлган болаларда чаноқ-сон бўғими касалликлари, юмшоқ тўқималар ҳосиласи, ички аъзолар патологияси эрта аниқланиб, тегишли муолажалар тавсия қилинади. Шунингдек, радиология бўлими ҳам “Canon” рақамли рентген аппарати ва мультиспирал компьютер томограф билан жиҳозланган. Улар ёрдамида кунига юздан ортиқ беморларда текширувлар ўтказилади.
Марказнинг 1-бўлими чаноқ-сон бўғими туғма ва орттирилган патологияларини даволашга ихтисослашган. Бу ерда сон суяги туғма чиқишини эрта аниқлаш ва функционал даволаш, 2 ёшдан катта беморларда юқори технологияли реконструктив-тиклаш жарроҳлик амалиёти бажарилади.
— Ҳозир анестезиология- реанимация ва жарроҳлик бўлими 4 та операция ҳамда 9 ўринга мўлжалланган интенсив терапия хонасидан иборат, — дейди марказ директори Акбар Тиляков. — Операция хоналари замонавий рентген, артороскоп, наркоз ва сунъий нафас олиш, беморнинг асосий ҳаёт кўрсаткичларини кузатиш аппаратлари билан жиҳозланган.
Операция-реанимация блокида кунига 10-12 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда.
Президентимизнинг тегишли фармони асосида бу йил марказимизга болалар ва ўсмирларда сколиоз касаллигини оператив даволаш учун транспедикуляр система ва болаларда сон туғма ҳамда орттирилган чиқишларни оператив даволаш учун металл имплантлар олиб берилди.
Республика болалар ортопедия марказининг замонавий биноси қурилиши якунлангач, бу ерда барча қулайликларга эга янги қабул диагностика ва консультатив поликлиника бўлими, травмпункт, 40 ўринли клиник бўлим ва замонавий операция-реанимация блоки фаолияти йўлга қўйилади.
(Давоми бор!)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.