Маълум қилишинича, ҳар йили ўқув йили якунланиши арафасида мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар томонидан болаларни саёҳатга олиб чиқишда қонунбузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар эса йўл-транспорт ҳодисалари хавфини ошириб, болалар ҳаёти ва саломатлигига жиддий таҳдид солади.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги 424-сон қарори билан болалар гуруҳларини ташиш аниқ қоидалар асосида амалга оширилиши белгиланган. Унга мувофиқ, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари:

фақат махсус жиҳозланган транспорт воситаларида;
ички ишлар органлари кузатувида (ҳамроҳлигида) ташилиши шарт.

Шунингдек, 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарор билан тасдиқланган талабларга кўра, болаларни маданий тадбирлар, саёҳат ва экскурсияларга олиб чиқишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим.

Масъул ташкилотлар таъкидлашича:
ташиш учун жалб этиладиган автобус ва микроавтобуслар махсус жиҳозланган бўлиши;
улар патруль автомобиллари кузатувида ҳаракатланиши шарт.

Мазкур талабларга риоя қилиш болалар хавфсизлигини таъминлаш ва нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.