Болалик чоғимдан тарих, география ҳамда давлатлараро дипломатик муносабатларга қизиқишим катта. Айниқса, Италия маданий ва эстетик жиҳатдан жуда жозибадор туюлар, шунинг учун дунёдаги гўзал шаҳарлардан бири – Римда яшаб, таълим олгим келарди. 2021 йили Тошкент давлат шарқшунослик университетининг бакалавриат босқичини тамомлаб, XIV асрда асос солинган энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Римдаги Ла Сапиенца университети (Sapienza University of Rome)нинг магистратура босқичига ўқишга қабул қилиндим.
Ўқишга қабул қилинган вақтим партиялардан бирининг марказий кенгашида фаолият юритардим. Табиийки, чет элдаги нуфузли олийгоҳга ўқишга кирганимни ҳамма эшитди. Биласиз, Римда ўқиш, яшаш осон эмас. Бироқ мен вазиятдан чиқиб, орзумга етишишим керак эди. Ҳамкасбларим “Элюрт умиди” жамғармаси танловида қатнашиш учун ҳужжат топширишимни тавсия этганида аввалига ишонқирамадим. Жамғарма сайтидаги маълумотлар билан танишдим. Шундан сўнг ҳужжатларимни сайтга юкладим. Танлов муддати тугашига бир неча соат қолганида жамғармадан қўнғироқ бўлди. Ҳужжатларим барча талаблар га тўғри келаётгани, фақат жамғарма раиси номига ариза етишмаётганини айтишди. Шу қўнғироқдан сўнг аризани тўлдириб, юбордим. Шу билан танловда ғолиб бўлдим ва жамғарма стипендиатига айландим.
Римдаги Ла Сапиенца университетида яхши маънода ажаблантирган асосий жиҳат академик ва шахсий эркинлик бўлди. Талабага мустақил шахс сифатида қаралади. Унинг юриш-туриши, кийими, соч турмаги ва шахсий имижига боғлиқ бошқа барча жиҳатлар университет маъмурияти ва профессор-ўқитувчиларни мутлақо қизиқтирмайди. Чунки уларнинг бундан бошқа муҳимроқ ишлари бор. Ўз ўрнида профессорлар ҳам давомат статистикаси ва шунга ўхшаш масалалар тўғрисида қайғурмайди. Асосий эътибор маърузанинг сифатли ва фойдали бўлишига қаратилади. Таълим маданияти ва одатларимиздаги тафовут яққол эътиборимни тортди: профессорлар ўз йўналишида хатога йўл қўйиши мумкинлигини билади.
Шунингдек, яна бир қизиқ жиҳат: дарс соатлари сезиларли даражада кам, лекин самарадорлик юқори. Сабаби, ҳар бир семестр аввалида профессорлар ўқиб, таҳлил қилиш керак бўлган катта ҳажмдаги адабиётлар рўйхатини эълон қилади. Талабалар вақтининг катта қисмини шу илмий адабиётларни мустақил ўқиб, таҳлил қилишга сарфлайди. Шу йўсинда профессор талаба учун ўқитувчи эмас, балки маслаҳатчи, малакали суҳбатдош, консультант ёки йўл кўрсатувчи сифатида гавдаланади. Қисқаси, профессорлар вақтингизни тежаб, сизга керакли ва фойдали адабиётлар рўйхатини тақдим этади. Маърузалар орқали мавзулар юзасидан ўз қараши, муносабати билан ўртоқлашади. Талабаларнинг саволларига ечим топишга ёрдам беради.
Университетда талабани даҳшатга соладиган икки сўз — плагиат ва коррупция. Ҳар бир талабанинг илмий иши, изланиши натижалари университет томонидан плагиат, муаллифлик ҳуқуқига зид эмаслиги қаттиқ назорат қилинади. Агар талаба кўчирмачилик қилган бўлса, профессорларга пора таклиф қилса ёки бошқа ноқонуний йўллар билан баҳо олишга уринса, университет маъмурияти унга жиддий жазо қўллайди. У талабалар сафидан четлатилади ва ўқишни бошидан бошлашига тўғри келади.
Чет элда таълим олиш тўғрисида сўз кетар экан, бу ерда кўпчиликка ёққан ва илҳомлантирган асосий жиҳат университетни бутунлай қамраб олган ҳақиқий илм даргоҳи шукуҳидир. Олдингизга ҳеч ким келиб, яхши ўқи, ҳаракат қил, ўз устингда ишла, демайди. Курсдошларингиз ва бошқа талабаларнинг ям-яшил ўт-ўлан устида жойлашиб, кутубхоналардан жой топа олмай, зиналарга ўтириб ўқиётгани, дарс жараёнида тинмай ёзиб ўтирганини кўриб, уларга қўшилиб излангингиз келади. Ҳатто имтиҳонлар ҳам ноанъанавий, профессорлар оғзаки имтиҳон олиш учун талабларни университет боғига таклиф қилиши мумкин. Ўзим билан боғлиқ мисол келтираман: қиёсий сиёсат фанидан профессоримиз имтиҳон жараёнида тушлик вақтидан унумли фойдаланиш учун синовни университет қаҳвахонасида давом эттиришни таклиф қилди. Шу аснода мени қаҳва ва ширинлик билан меҳмон қилди. Мана сизга эркинлик, қулайлик ва вақтдан самарали фойдаланиш.
Икки йил давомида нуфузли университетда таълим олиб, Ғарб жамиятида узлуксиз ҳаёт кечириш, бошқа маданият, тил ва қадрият вакиллари билан мулоқот ўрнатиш, дунёга уларнинг нигоҳи билан назар солиб кўриш имконияти мендаги ички трансформация жараёнига сабаб бўлди. Ўзим учун нафақат жуда катта илмий-академик, балки ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлдим. Ушбу ажойиб имкониятлар учун бизни қўллаб-қувватлаган давлатимизга миннатдорлик билдираман. Шунингдек, халқимиз олдида катта масъулиятни ҳам ҳис қилиб турибман.
Ҳозир якунловчи семестрда магистрлик диссертацияси устида ишлаяпман. Мавзум Марказий Осиё иттифоқи истиқболлари, минтақанинг институционал интеграциясига бағишланади. Ўқишни тамомлаб, юртимизга қайтгач, Тошкент давлат шарқшунослик университетида ёшларга сиёсий фанлардан дарс бериш, билим, тажриба улашиш ва илм олишга илҳомлантириш ниятидаман.
Иброҳимжон ЖЎРАБОЕВ,
Римдаги Ла Сапиенца университети магистранти,
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати