Шу йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов, Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Пскем ГEС қурилиш объектидаги қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан танишди.

Инвестициявий лойиҳа асосида барпо этилаётган Пскем ГEС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 км тепада жойлашган.

Пскем ГEСнинг лойиҳавий қуввати 400 МВт ни ташкил этиб, катталиги бўйича Чорвоқ ГEСдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Пскем ГEС йилига 950 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.

ГEС қурилишининг жорий 2-босқичида (2022-2026 йй.) ҳам қурилиш ишлари юқори суръатларда олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, инвестициявий лойиҳалар асосида қуриладиган янги ГЭСлар электр энергия ишлаб чиқариш қувватларининг янада ортишига, халқимиз хонадонларининг янада ёруғ ва обод бўлиши, ҳудудлар инфраструктураси ва иқтисодиёти ривожланишига муҳим замин яратади.