Йиғилишда Бошқирдистон Республикаси делегацияси билан ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Улар орасида энергия ресурслари бозорини ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини ривожлантириш, анъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларини мустақил ишлаб чиқарувчилар бўйича тажриба алмашиш кабилар мавжуд.

Ўзбекистон томони энергия ресурслари бозорида ҳамкорлик ва интеграцияни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Айни пайтда электр энергияси ва газ бозорларини жорий этиш учун Энергетика вазирлиги томонидан зарур ички тартиб-қоидалар амалга ошириляпти.

Шунингдек, муҳандислик тармоқларига (электр энергияси, газ) технологик уланиш учун ариза бериш тартиб-қоидаларини рақамлаштириш каби йўналишларни ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу мақсадда Ўзбекистонда «ЭЛEКТР» дастурий мажмуаси ишлаб чиқилган бўлиб, бундан ташқари, тадбиркорлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электр ва газ тармоқларига уланиш учун аризалар билан мурожаат қилишлари мумкин.

Делегация аъзоларига истиқболли лойиҳалар, жумладан, хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда қуввати 5 МВтгача бўлган мини ГEСлар қурилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугунги кунга қадар умумий қуввати 42 МВт бўлган мини-ГEСларни жорий қилиш учун 31 та истиқболли объект аниқланган. 2030 йилга қадар Энергетика комплексини ривожлантириш концепциясига мувофиқ умумий қуввати 200 МВт бўлган 24 та мини ГEЕСни ишга тушириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Бошқирдистон компаниялари энергетика ва энергоқурилмалар учун бутловчи қисмларни етказиб бериш бўйича тендерларда фаол иштирок этишга таклиф қилинди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.